Россия-Қозоғистон чегарасидаги «Маштаково» ва «Сагарчин» назорат пунктлари яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмоқда, дея хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги оператив штаби.

Масала Ўзбекистоннинг Москва ва Нур-Султон шаҳарларидаги элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги бош консулхоналари томонидан назоратга олинган, Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб борилмоқда, дейилади ТИВ ахборотида.

Вазият ҳақида маълумот Республика махсус комиссиясига тақдим этилди.

Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 1 июндан буён Россиянинг турли шаҳарларидан 25 та чартер рейслари ташкиллаштирилди ҳамда ҳафта охиригача Новосибирск, Қозон, Екатеринбург, Москва, Ростов-Дон шаҳарларига навбатдаги рейслар амалга оширилиши кутилмоқда.

«Шу муносабат билан Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин чораларига қатъий риоя этишларини сўраймиз», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, Самара ва Оренбург вилоятларида бир неча юз Ўзбекистон фуқаролари тўпланган эди. Россия Федерациясининг турли минтақаларидан одамлар келиб, ўз юртига қайтиш учун Қозоғистон ҳудуди орқали йўлак ташкил қилинишини талаб қилишган эди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ва Қозоғистон ваколатли органлари билан биргаликда 1500 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароларини автобусда мамлакат ҳудудига олиб келишни ташкиллаштирган эди.