Мактаб ўқитувчилари томонидан тўлдирилиши керак бўлган ҳужжатлар сони биттага қисқартирилди. Эндиликда педагоглардан фақат синф журналини, жумладан, электрон равишда Kundalik онлайн тизими орқали, қайд қилиб боришлари талаб этилади, дея хабар берди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

28 июнь куни педагогик мутахассисликлар бўйича намунавий йиллик иш режасини тузиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Ўзгаришлар «ўқитувчиларнинг педагогик юкини оптималлаштириш, уларни асосий иш юкламасига қўшимча равишда ҳисобот ва қоғозбозликдан озод қилиш учун» амалга оширилди. Бу орқали ўқитувчиларнинг барча эътиборларини дарсларни янада қизиқарли ўтказишга қаратилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, эндиликда барча мактабларда фанлар бўйича тақвим мавзуий режаларини бир хиллаштириш мақсадида, эндиликда тақвим мавзуий режалар Республика таълим маркази томонидан тасдиқланади ва ўқув йили олдидан вазирликнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.

Мактаб ўқитувчиларининг ўқув режалари барча фанлар бўйича «Ўқитувчилар китоби» га алмаштирилади ва улар Миллий ўқув дастурининг асосий компонентлари сифатида жорий этилади.

«Эндиликда ўқитувчиларимиз яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратадитилар деган умиддамиз. Босқичма-босқич ўқитувчилар ва мактаб жамоаси фаолияти хужжатларни тўлдиришига қараб эмас, балки мактаб битирувчиларининг ҳаётда муваффақиятга эришишлари билан баҳоланишга ўтилади.», — дейилади ХТВ хабарида.