Ҳисоб-китобларга кўра, йилнинг иккинчи чорагида иш вақти ҳажми 14 фоизга камайди, бу 400 млн иш жойининг йўқолишига тенгдир. Бу ҳақда БМТнинг матбуот хизмати хабар берди.

Халқаро меҳнат ташкилоти воқеалар ривожининг уч хил сценарийсини кўриб чиқишди ва уларнинг ҳеч бири мутахассислар учун оптимизм уйғотмади. Глобал меҳнат бозоридаги ҳолат пандемиядан олдинги вазиятдан яхши бўлмайди.

«Биз инқироздан осонликча ва тез муддатларда чиқиб кета оламиз, деб ўйламаслигимиз керак», — деди ХМТ раҳбари Гай Райдер.

Энг оптимистик сценарийга кўра, учинчи чоракда иш соатлари яна 1,2 фоизга камаяди, яъни 34 миллион иш жойлари йўқолади. Пессимистик сценарий пандемиянинг иккинчи тўлқини, кенг қамровли карантин бошланиши ва иқтисоднинг жуда секин ўзига келиши эҳтимоли борлигини кўзда тутади. Бундай ҳолатда, иш соатларининг кейинги йўқотишлари 11,9 фоизни ташкил этади. Бу эса 340 миллион иш ўрнининг йўқолишини англатади.

Гай Райдер барча давлатларни тенгсизликка қарши курашишга ва иқтисодиётни тиклаш режаларида, биринчи навбатда заиф қатламининг манфаатларини ҳисобга олишга чақирди.

«Биз ҳозир қабул қиладиган қарорлар 2030 йилдан кейинги ҳаётимизга таъсир қилади. Мамлакатлар пандемияга қарши курашнинг турли босқичларида бўлишига ва кўпчилик чоралар кўрилган бўлишига қарамай, биз агар пандемиядан олдинги яшаш шароитимиздан ҳам яхшироқ шароитлар яратишни истасак, бу борадаги ҳаракатларимизни икки баравар кучайтиришимиз керак», — деди Гай Райдер

Пандемия бошлангандан бери ҳукуматлар ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 10 триллион доллар сарфлашди. Бироқ, ушбу маблағнинг 88 фоизи иқтисодиёти ривожланган давлатлар томонидан ажратилган. Ушбу давлатларда ёрдам пакети ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизини ташкил этди. Ривожланаётган мамлакатларда эса одамлар ЯИМнинг атиги 2,2 фоизини олдилар. Кам ривожланган мамлакатларда эса бу кўрсаткич бундан ҳам пастроқ.

Апрель ойида ХМТ экспертлари ушбу давр давомида иш ўринлари 10,7 фоизга, яъни 305 миллион иш жойларининг қисқариши мумкинлигини тахмин қилишган эди. Пандемиянинг меҳнат бозорига таъсири илгари ўйлагандан анча жиддийроқ бўлиб чиқмоқда.