Марко Мантованелли Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг янги раҳбари этиб тайинланиб, 1 июль кунидан бошлаб расман ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда банк ваколатхонасининг расмий Facebook саҳифасида хабар берилди.

Тайинловга қадар, Марко Мантованелли Жаҳон банкининг Косово ва Шимолий Македониядаги ваколатхоналари раҳбари лавозимида ишлаган (2016−2020).

Маълум учун, Марко Мантованелли Болония Университетидан (Италия) халқаро муносабатлар ва сиёсатшунослик магистр даражасини, шунингдек, Жонс Хопкинс номидаги университетнинг Илғор халқаро тадқиқотлар мактабидан (АҚШ) халқаро иқтисодий фанлар магистри даражасини олган. У иқтисодий ривожланиш бўйича эксперт сифатида Лотин Америкаси, Африка ва Европада 20 йилдан ортиқ тажрибага эга.

Жаҳон банки тизимига киришдан олдин у Европа ва АҚШда маслаҳат фаолияти ва иқтисодий тадқиқотлар билан шуғулланган, шунингдек Италия денгиз флоти офицери сифатида ҳам хизмат қилган. Жаҳон банкидаги фаолияти давомида Мантованелли ташкилотнинг Вашингтондаги штаб-квартирасида ва турли мамлакатлардаги ваколатхоналарида турли лавозимларни эгаллаган.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига 2017 йилдан бери япониялик Хидеки Мори раҳбарлик қилиб келаётган эди.