Президентнинг 30 июнь куни қабул қилган «Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ фаолияти тугатилади.

Қарорга кўра, давлат раҳбари қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналарини бошқариш тизимини янада мақбуллаштириш ва такомиллаштириш мақсадида Давлат активларини бошқариш агентлигининг «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖни тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берди.

Шу билан бирга, мазкур акциядорлик жамиятини тугатиш комиссияси тузилиши белгиланган. Бунда, Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда ушбу масала бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлаб, унинг бажарилишини таъминлаши қайд этилган.

Таъкидланишича, «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ корхоналари учун берилган имтиёзлар ва преференциялар (қўшилган қиймат солиғидан ташқари) ўз кучини президент ва ҳукуматнинг тегишли ҳужжатлари билан белгиланган муддат тугагунга қадар сақлаб қолинади.

Маълумот учун, «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти 2016 йили ташкил этилиб, унинг устувор йўналишлари қаторида ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари рақобатбардошлигини ошириш, экспорт маҳсулотлари турларини ва етказиш ҳажмини кенгайтириш ҳисобланади.

Холдинг таркибига «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖ, «Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖ, «Агрегат заводи» АЖ, «Технолог» АЖ ва «Ургенчкорммаш» АЖ киради.

Шунингдек, акциядорлик жамиятининг расмий сайтидаги маълумотга кўра, холдинг устав капиталининг миқдори 904,4 млрд сўм (01.04.2020 йил ҳолатига), унда 73 киши фаолият юритиб келади ва бу соҳада эса ишчи-ходимлари сони 2 656 кишини ташкил этади.