Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов коронавирусдан вафот этган шифокор Алишер Ураловнинг хонадонига ташриф буюрди. Бу ҳақда марҳумнинг қизи Шаҳноза Ҳасанова «Газета.uz»га маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, вазир марҳумнинг ҳаққига дуо қилиб, оиласига ҳамдардлик бирдирган.

«Алишер Шодмонов жуда мулоҳазали инсон эканлар. Биз суҳбатлашдик. Мен ҳаммасини қандай бўлса шундайлигича айтиб бердим. У эшитди ва вазиятдан хабардор эканини айтди. У онам ва менинг саломатлигим билан қизиқди», — деди Шаҳноза Ҳасанова учрашув ҳақида.

Шунингдек, у отасининг ўлими учун товон пули 2 июль куни тўланишини ҳам маълум қилди.

Тошкентнинг Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси нейрофизиолог шифокори Алишер Уралов Тошкент вилоятидаги «Ўртасарой» карантин мажмуасида ишлаш вақтида COVID-19 юқтириб олган эди. Унинг қизи отасининг карантин мажмуасига мажбуран юборилгани, у ердаги шароитларнинг қониқарсиз эканини маълум қилди. Тиббиёт ходими 26 июнь куни ҳаётдан кўз юмди.

Президентнинг 26 мартдаги қарорига кўра, COVID-19 беморлари билан ишлаётган тиббиёт ходимлари, санитария-эпидемиология хизматлари ва бошқа ходимлар коронавирус юқтириб олса, бир марталик 100 млн сўм миқдорида товон пули олади. Агарда касаллик оғир асоратларга олиб келса ва саломатликка тиклаб бўлмас зарар етказса, ходим ёки унинг оиласига 250 млн сўм тўланади.

Бундан ташқари, компенсация олган ходимлар саломатлиги ёмонлашган ёки вафот этган тақдирда, меҳнат шартномаси ва қонун ҳужжатлари доирасида бошқа тўловларни олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.