Вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси билан учрашувларида чекловлар бекор қилинди, дея хабар берди Адлия вазирлигининг матбуот хизмати.

Таъкидланишича, бу «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги президент томонидан имзоланган қонунда белгиланган.

Хабарга кўра, вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси билан учрашувларида чекловлар бекор қилиниши билан бирга маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби белгиланди.

«Маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида 4 марта муддати 5 суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, шунингдек, манзил- колонияларда сақланаётганларга эса муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда берилади», — дейилади хабарда.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Шунингдек, маҳкумларни жазо ўташи даврида адолатли мезонлар асосида рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби ҳамда рағбатлантириш чораларини қўллаш комиссиясининг иш фаолияти ва уларнинг аниқ вазифалари белгилангани маълум қилинди.