Президент қарори билан Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Китоб давлат геологик қўриқхонаси давлат муассасаси негизида табиатни муҳофаза қилиш давлат муассасаси шаклидаги Китоб геология миллий табиат боғи ташкил этилади, дея хабар берди Адлия вазирлигининг матбуот хизмати.

«Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг Китоб давлат геология қўриқхонаси давлат муассасаси ҳудудидаги асрлар давомида шаклланган ноёб табиат ёдгорликлари ҳамда халқаро эътироф этилган „Зинзилбан“ кесмасининг геология фанида тутган ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳудуднинг геотуризм ва иқтисодий салоҳиятини янада ошириш мақсадида Китоб геология миллий табиат боғи ташкил этилади», — дея таъкидланади хабарда.

Таъкиланишича, давлат қўриқхоналари табиий объектлар ва мажмуаларни муҳофаза қилишнинг қаттиқ режимига эга бўлади, унинг ҳудудида ҳар қандай фаолият тақиқланади (илмий-тадқиқот фаолияти ва атроф табиий муҳит мониторингини юритишдан ташқари).

Шу билан бирга, табиат боғларининг ҳудудлари зоналарга ажратилган бўлиб, айрим зоналарида аҳолининг истиқомат қилишига, юридик ва жисмоний шахсларнинг табиий объектлар ва мажмуаларга зарар етказмайдиган фаолиятига йўл қўйилади.

Маълумот учун, Китоб давлат геологик қўриқхонаси 1979 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг ҳудуди қарийб 4000 га ташкил этади. Қўриқхона ҳудудида 168 турдаги ҳайвонлар, 800 турдаги ўсимликлар мавжуд. Улардан 10 тур ҳайвонлар, 22 тур ўсимликлар вакили «Қизил китоб»га киритилган.

Эслатиб ўтамиз, Китоб туманида янги геология миллий боғи ташкил этилиши ҳақида қарор лойиҳаси 2019 йили 14 ноябрь куни муҳокамага жойланганди. Унда, геология табиат боғи Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимидаги масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилиши ва геология табиат боғи Китоб давлат геологик қўриқхонасининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланиши кўзланган эди.