50 минг доллар миқдорида пора олиш тўғрисидаги иш бўйича иккинчи гумондор сифатида Тошкент ҳокимлигининг Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Аввалроқ Чилонзор туман ҳокимлиги бўлим бошлиғи 50 минг доллар пора олаётганда ушлангани ҳақида хабар қилинган эди. Қайд этилишича, тадбиркорга 1,4 млн доллар эвазига 1 гектар ер майдонига бўлган ҳуқуқни расмийлаштиришга ваъда қилинган.

Бош прокуратуранинг аниқлик киритишича, 22 июнь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга Чилонзор туманидаги 1 гектар футбол майдони (бир сотихи 14.000 АҚШ долларидан баҳоланиб) жами 1 миллион 400 минг АҚШ долларига сотиш режалаштирилаётгани, мазкур «савдо» бошида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.А. (1968 й.т.) ва Чилонзор туман ҳокимлиги инвестиция ва туризмни ривожлантириш бўлими бошлиғи Х.Ш. (1985 й.т.) тургани ҳақида тезкор маълумот келиб тушади.

Келишувга кўра, тадбиркор 50 минг АҚШ долларини аввал («закалат» тариқасида), қолганини бир ҳафта ичида, яъни ҳужжатлар тайёр бўлганидан сўнг бериши керак бўлган.

Ҳолат бўйича шу йилнинг 24 июнь куни ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ва пойтахт прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказган тадбирда Б.А. 50 минг долларни олган вақтда далилий ашёлар билан ушланади. Қўлга олинган пулларни Чилонзор туман ҳокимлиги бўлим бошлиғи Х.Ш.га олиб бориб бериши лозимлигини айтганидан сўнг тезкор тадбир давом эттирилади. Ва эртаси куни Х.Ш. «ҳамкори» Б.А.дан 50.000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтда у ҳам қўлга олинади.

Айни пайтда ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 20-модда (пора олиш) ва 212-модда (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ушланганлар ҳибсга олинган.