30 июнь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов «Марказий Осиё — АҚШ» («C5+1») видеоконференциясида иштирок этди, дея хабар берди вазирликнинг матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, тадбирда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва АҚШ давлат котиби Майкл Помпео иштирок этдилар.

Хабарга кўра, томонлар минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга, жумладан, коронавирус тарқалишига қарши курашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

«Ўзбекистон ТИВ раҳбари рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, миллий транспорт стратегияларини мувофиқлаштириш, қишлоқ хўжалигида инновацияларни рағбатлантириш, минтақа мамлакатларининг энергетика салоҳиятини кенгайтириш, Марказий Осиёнинг экологик оғир минтақаларида ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш, хусусан Оролбўйини инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш каби йўналишлардаги ҳамкорликка урғу беришни таклиф қилди», дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистон томони халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги тинчлик жараёнини илгари суриш бўйича фаол ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини қайд этилди.