Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти Андижонда қийноқ оқибатидаги ўлим юзасидан А.Абдукаримовнинг оиласидан узр сўради. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Халқаро пресс-клубда онлайн тарзда бўлиб ўтган «Андижондаги жиноят иши» юзасидан брифинг давомида айтиб ўтди.

«Ҳақиқатдан, 30 май куни Андижон шаҳрида содир этилган мудҳиш воқеа, бу — бизнинг ходимларимиз томонидан содир этилган жиноят. Бундан кейин қанчалик ҳаракатлар амалга оширмасак ҳам, бу доғ бизнинг камчиликларимиз тўғрисида эслатиб туради», — дея таъкидлади ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.

У воқеа содир бўлганидан кейин Андижон ИИБ раҳбарияти, ҳокимият, прокуратура вакиллари бориб, марҳумнинг оиласидан хабар олишганини ва узр сўрашганини маълум қилди.

«Ҳозирги вақтда, бундай ҳолатдан кейин тизим сифатида қанча кўп кечирим сўрасак ҳам кам. Бу оила кечиримни қабул қиладими, қилмайдими, бу ҳам катта масала. Биз ички ишлар органлари сифатида ўзимизнинг хизматимиз билан ўзимизнинг ишимиз билан кечиримимизни кўрсатамиз, кечирим сўраймиз», — дея таъкидлади ИИВ матбуот котиби.

Брифингда иштирок этган Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов Андижонда ИИБ ходимлари қийноқларидан вафот этган фуқарога у қимматбаҳо тошни олганига иқрор бўлиши учун зўрлик ишлатилганини қайд этди. Прокуратура вакили ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этаётганлигини маълум қилди.

Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов эса Андижондаги воқеа юзасидан суд ишлари очиқ ва шаффоф бўлишини, унга журналистлар ҳам киритилишини айтиб ўтди.

Аввалроқ хабар берилгандек, ички ишлар ходимлари Андижонлик А.Абдукаримовни қиммат тошни бошқа бир шахсга қайтармагани учун ушлашган. 13 кун тергов бўлими ходимлари томонидан қилинган қийноқлар ва зўравонликлардан сўнг у шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Айбланувчи уч нафар ички ишлар органлари ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, вилоят ИИБ 5 нафар ходими ишдан бўшатилган ва 19 нафари турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилгани ҳақида маълум қилгандик.

«Биз сўнгги уч ярим йилда қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотларни амалга оширдик. Лекин, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши керак», — дея таъкидлади Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни видеоселектор йиғилишида.