2 сентябрдан бошлаб 2020−2021 ўқув йили ОТМ бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари ўтказилади. «Газета.uz» абитуриентларга жавоблар варақаси билан ишлаш учун қўлланмани тақдим этади.

Тест бошланишидан олдин

Тест синовлари бошланишидан олдин ўзингиз ҳақингиздаги маълумотлар тўғри киритилганини текширинг.


Шу орқали, жавоблар варақаси ўзингизга тегишли эканлигини ҳам текширинг.

Сўнг, тест топширадиган фанлар мажмуангиз билан танишинг.


Тест топшириқлари китобидаги фанлар мажмуасининг рухсатномада кўрсатилган фанлар билан мослигини текширинг.

Агар жавоблар варақаси сизга тегишли бўлмаса ёки тест топшириқлари китобидаги фанлар мос келмаса гуруҳ назоратчисига хабар беринг.

Ундан кейин, тест тошпириқлари китобининг нуқсонсизлигини текширинг:

  • ҳар бир фан бўйича 30 тадан тест топшириғи бўлиши керак;
  • Ҳар бир тестда 4 тадан муқобил жавоб варианти мавжудлиги;
  • тест топшириқлари китобининг яхши чоп этилганлиги.

Агар тест топшириқлари китобида нуқсон борлиги аниқланса, гуруҳ назоратчисига хабар беринг. Тест синовлари бошлангандан сўнг, назоратчилар эътирозларни кўриб чиқишмайди.

Жавоблар варақаси ва тест топшириқлари китоби нуқсонсизлигини текширганингиздан сўнг, ўзингиз ҳақингиздаги маълумотларни ёзинг ва имзоланг.


Тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақасига фамилия, исм ва отасининг исмини ёзиб, имзо қўйилади.

Шахсий маълумотлар киритилганидан сўнг, жавоблар варақасига тест топшириқлари китоби рақамини ёзиб, бўяш керак.



Ундан сўнг, жавоблар варақасига вариант рақами бўялади.


Тест синовлари бошлангунига қадар тест материаллари билан ишлаш тақиқланади.

Тест синови бошланганидан сўнг

Белгиланган вақт доирасида тест топшириқлари китобини ечиб, ўзингиз тўғри деб топган жавобларни жавоблар варақасига белгиланг. Бунда, тест топшириғи рақамига мос доирачаларни белгилашга эътибор беринг.


Абитуриентлар жавоблар варақасининг тўғри тўлдирилиши учун шахсан ўзи жавобгар ҳисобланади.

Абитуриент тест топшириқлари китобидан қоралама сифатида фойдаланиши мумкин.


Эслатма

Тест синови давомида тарқатилган кўк рангли шарикли ручкадан фойдаланинг.

Ҳар бир тест топшириғига фақат битта жавобни белгиланг.

Доирачаларни тўғри белгиланг.


Абитуриентлар қуйидаги ҳолларда тест синовларидан четлатилади:

  • микрокалкулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалардан фойдаланса;
  • тест материаларини бошқа абитуриентга узатса ёки уларга ёрдам берса;
  • тест синовлари жараёнида бир-бири билан гаплашса;
  • тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса;
  • тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса.

Абитуриентларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари:

  • тест топшириқларида хатоликлар кузатилса, бу ҳақда гуруҳ назоратчисига хабар беради ва буни эътирозлар бланкасига расмийлаштиради.
  • абитуриент тест синови учун белгиланган вақт тугагандан кейин тест материалларини тўлиқ ҳолатда гуруҳ назоратчисига топшириб бинодан чиқиб кетади.
  • белгиланган вақтда тест материалларини топширмаган абитуриент тест синовидан четлаштирилган деб ҳисобланади ва унинг жавоблар варақаси бўйича натижалар чиқарилмайди.

Абитуриент тест синови натижасидан норози бўлса, ёзма тартибда апелляция комиссиясига ариза топшириши мумкин.

Видео