Наманган вилоятининг Норин туманида Damas автомашинасида уриб кетилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди ва икки киши жароҳатланди, дея хабар беради ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Ҳодиса 28 июнь куни соат 12:10 да «Коратери» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида юз берди. 9-синф ўқувчиси 16 ёшли Э.M., Damasни (онасининг номига расмийлаштирилган) бошқариб, шу йўналишда олдинда ҳаракатланиб кетаётган уч пиёдани уриб юборган.

Автоҳалокат натижасида 38 ёшли С.Қ. воқеа жойида вафот этди, 44 ёшли И.С. чап сонининг ёпиқ синиши ва 43 ёшли М.Р. бош мия чайқалиши билан касалхонага ётқизилди.

Норин тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан (йўл ҳаракати хавфсизлиги ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.