Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28−29 июнь кунлари аҳоли орасида аниқланган коронавирус ҳолатлари юзасидан маълумот берди.

28 июнь санасида мамлакатда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 266 нафар бемордан 16 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 29 июнь куни эса 274 нафар бемордан 30 нафари аҳоли орасида тасдиқланиб, шундан 20 нафари Тошкент шаҳрида аниқланди. Икки кунлик маълумот, ҳам умумий касалланишда, ҳам аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари динамикасида ўсиш кузатилаётганини кўрсатмоқда.


Вазирлик энг кўп касаллик қайд этилган Тошкент шаҳрига алоҳида тўхталиб, жумладан, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги яшовчи Ш.Ғ.да, Шайхонтоҳур, Миробод, Юнусобод, Сергели ва Учтепа туманларида яшовчи 8 нафар фуқарода (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган), Миробод туманидаги хусусий оёқ кийим таъмирлаш устахонаси эгаси У.У.да, «Мегапланет» савдо мажмуасидаги «София» ширинлик дўкони ишчиси Д.Т.да, Сергели туманидаги «ENTER Engineering» компанияси ҳисобчиси Н.М.да (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган), Республика ўсмирлар ва чақирилувчи ёшларга тиббий ёрдам ташкил этиш маркази муқобил тиббий комиссияси ҳамшираси Ш. Ш.да (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган) касаллик аниқланган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги «Кристал» савдо маркази кийим-кечак дўкони сотувчиси У.Р.да (Қозоғистонга кетаётганлиги учун намуна топширган), Юнусобод туманида яшовчи У.Б.да (Юнусобод деҳқон бозорига боргандан кейин тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган), «Абу Сахий» савдо маркази ходими С.Қ.да (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли мурожаат қилган), «Toshkent city» қурилиш объекти ошпази М.М.да (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган) ҳам коронавирус қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Республика махсус комиссиянинг ахборотига кўра, 1 июль санасидан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида бир қатор чекловлар жорий этилиб, карантин чоралари кучайтирилиши ҳақида хабар бергандик. Ушбу чекловлардан бирига кўра, «Қизил» ва «сариқ» ҳудудларда соат 07.00 дан 23.00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23.00 дан 07.00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади.