Тошкентда электромобиллар асосида такси хизматини йўлга қўйишни режалаштиришмоқда. Бунинг учун Хитойнинг BAIC компаниясида ишлаб чиқарилган иккита турдаги моделдан иборат 500 дона — BAIC EU5 ва BAIC EX360 русумли электромобиллари етказиб берилди, дея маълум қилди «Газета.uz»га Yili Star-River Trade & Business компаниясининг Ўзбекистондаги расмий дилери вакили Азамат Рашидов.

Биринчи модель — BAIC EU5 — спорт ҳайдаш режимига, электр тўхташ тормозига эга, шунингдек, курсни барқарорлаштириш тизими билан жиҳозланган. Иккинчи модель — BAIC EX360 — ABS+EBD электрон тормоз куч тақсимлагичига эга ғилдиракларнинг антиблокировка тизими билан жиҳозланган.

Азамат Рашидовнинг сўзларига кўра, эко-машиналар атроф-муҳитга зарар етказмайди, батареялар ҳимоялаш тизимига эга, хизмат кўрсатиш муддати — 8 йил, агар қурилма бузилса, уни заводда алмаштириш мумкин.

«Бир заряд билан [электромобиль] шаҳар шароитида 419 км, магистрал шароитида эса 540 км юриши мумкин. Автомобиль 53 кВт қувватга эга батареялардан фойдаланади. Бир километри 50−60 сўмга тўғри келади», — дея таъкидлади Азамат Рашидов Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига берган интервьюсида.

Ҳар бир транспорт воситаси зарядловчи билан бирга келади. Сиз машинага уй шароитида заряд беришингиз мумкин — бунинг учун 19 соат вақт кетади.

Бундан ташқари, 10 та махсус такси станцияларини олиб келиш режалаштирилган бўлиб, улар сизга ярим соат ичида электромобилни қувватлаш имконини беради. Электромобиль нархлари русумига қараб турланади — божхона тўловларидан ташқари 23 минг доллардан 25 минг долларгача.