Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 июндаги Кар-соқовлар маданият марказига ташрифи Ўзбекистон Карлар жамиятининг (ЎзКЖ) аъзоларини илҳомлантирди ва бундан буён мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлардан четда қолмасликларига умид берди. Президент «Ўзбекистондаги ҳар бир инсон у учун қадрли эканлигини» айтди ва ўқитувчиларни, имо-ишора тили таржимонларини, педагогларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратишга, карларга муносиб иш ўринлари яратишга чақирди.

Aтиги 10 кун ичида умумий майдони 39 208 кв.м. бўлган ЎзКЖ ҳудудида Карлар маданият маркази биносини реконструкция қилиш, иш хоналари ва ўқув хоналарини таъмирлаш, турли тадбирларни ўтказиш учун 450 кишига мўлжалланган концерт залини жиҳозлаш каби кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, Карлар маданият маркази ҳудудида учта блокдан иборат тикувчилик корхонаси ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳар бири кар ва эшитиш қобилияти чекланган инсонлар учун махсус 100 иш ўрнига мўлжалланган эди.

Карлар учун мўлжалланган учта тикув блокига ким эга бўлди?

Учта тикув блокининг очилиши ҳеч бўлмаганда ишсиз кар ва заиф эшитувчи кишиларнинг айрим бир қисмини етарли даражада иш билан таъминланишига умид уйғотган эди. Aммо хурсандчилик узоққа чўзилмади. Корхоналар очилган вақтдан бошлаб карларни фақат битта «A» тикув блокига ишга олишган (расмда футбол стадиони ёнидан ўнг томондан), қолган иккита блок эса улар учун ёпиқ блоки бўлган. «A» блокида кар ишчиларнинг ойлик маошлар тўланишида кечикишлар пайдо бўлгани сабабли ишчилар тикувчилик корхонасидан аста секинлик билан чиқиб кета бошладилар.


Учта тикув цехи, ётоқхона биноси ва Кар-соқовлар маданият маркази қаршисида футбол стадиони. Фото: Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати.

Аммо, Президентнинг Карлар жамиятига ташрифидан тўрт кун ўтар-ўтмас, 2018 йил 3 июль куни ЎКЖ Марказий бошқаруви президиумининг 22-сонли қарори 6-протокол билан Кар-соқовлар маданият маркази Карлар жамиятининг таркибий бўлинмалари балансида бўлган «бўш турган ҳудудларни йўқ қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни камайтириш» мақсадида 1,2 гектар ер участкасини Тошкент шаҳар ҳокимияти балансига беғараз топширди. Айнан беғараз берилган ҳудудда учта тикув блоки ташкил қилинган эди.


Қорасарой кўчаси 353-уйда жойлашган Кар-соқовлар маданият маркази янги ҳудудий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда кадастр ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказди. Янгиланган кадастр ҳужжати Марказнинг ўнг томондан ўзига тегишли 1,2 га ҳудудни йўқотганлигини кўрсатади.

Кейинчалик аниқланишича, учта блокнинг янги эгаси «A» блокида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни бошлаган туркиялик тадбиркор эканлиги маълум бўлди. Ишлаб чиқариш биноси карлар ётоқхонасидан бир неча қадам нарида жойлашганлигини ҳисобга олиб, мақола муаллифлари тадбиркорга карларни ишга олишни таклиф қилишди, аммо тадбиркор буни қилишни хоҳламаслигини айтди. Ғазаблантирадиган нарса шундаки, «карлар шаҳарчасининг» аввалги ҳудудида фаолияти олиб бораётган туркиялик тадбиркор «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга мувофиқ карлар учун ишчилар сонининг камида 3% ҳисобида иш ўринларини захирага олишни ҳам истамади.

Натижада, тикувчилик цехининг тантанали очилиш маросими президент ташрифи учун уюштирилган томоша эдими? Бироқ, Президент таъбирларида «очко олишга интилиш — бу хиёнат» эканлиги барчага яхши маълум. Карлар жамиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ўрнига Тошкент шаҳар ҳокимияти карларга тегишли ҳудудни ўз балансига иккиланмай қабул қилди. Эҳтимол, кимдир бу ҳаракатларни эътиборсиз қолдиришади деб ўйлагандир, чунки «кар-соқовлар» Жамият аъзолари барибир ҳеч нарса эшитмайдилар ва бу ҳақда ҳеч нарса дея олмайдилар…

Мақола муаллифлари Тошкент шаҳри ҳокимиятидан ушбу ҳолат юзасидан изоҳ сўрашган.


2018 йил 29 июндаги Карлар маданият марказига Президент ташрифи вақтида тикувчилар. Ўзини ошкор қилишни истамаган маросим қатнашчиси маълумотига кўра яшил кийимда кар аёллар, қизил рангдаги кийимда эса Янгийўл тикувчилик корхонасидан вақтинча олиб келинган ва президент ташрифидан сўнг дарҳол қайтариб олиб кетилган аёллар. Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Кар ва эшитиш қобилияти челканган кишиларнинг иш билан таъминланиш ҳолати бугун ачинарли аҳволда. Карлар жамияти ўқув-ишлаб чиқариш корхоналарида (ЎИЧК) бутун мамлакат бўйлаб атиги 250 нафар карлар иш билан таъминланган ва уларнинг иши асосан улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларга бериладиган буюртмаларга боғлиқ. Ишсизлик туфайли кўп кар одамлар пойтахтнинг автотураргоҳларида норасмий ишларни бажаришга, чорраҳаларда байроқлар ва калит-узуклар сотишга, ер ости ўтиш жойларида вазн ўлчаш хизматларини таклиф қилишга мажбур бўлмоқдалар.

Президентининг 2018 йил 11 июндаги «Aҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси афсуски талабларга жавоб бермайди. Ногиронлиги бўлган одамларни ишга жойлаштириш учун мажбурий 3% квота, шунингдек бизнесни имтиёзлар билан рағбатлантириш амалиёти фойда бермаяпти. Ҳозирги кунда очиқ меҳнат бозоридаги дискриминация ҳамда ногиронлар ташкилоти қошидаги ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари (ЎИЧК) барчани иш билан таъминлаш имкониятига эга эмаслиги сабабли ногиронлиги бор одамларнинг атиги 7 фоиздан камроғи иш билан таъминланган.

Карлар спортини ривожлантириш шароитлари яхшиландими?

Тикув корхоналаридан ташқари оммавий ахборот воситаларида «спорт залларининг янгилангани ва 1800 квадрат метр майдонга эга замонавий футбол майдони қурилгани» таъкидланган эди. Аммо, Ўзбекистон Карлар Спорт федерацияси (ННТ) спорт мажмуаси таъмирсиз қолган ва уни президент ташрифи пайтида кўрсата олишмаган. Спортзал биносини таъмирлаш бўйича баъзи ишлар амалга оширилгани ва шаҳар/туман ҳокимлиги вакиллари томонидан 2019 йил ёзнинг иккинчи ярмида ниҳоят таъмирдан чиқарилишига ваъда берилганига қарамай ҳозиргача ҳеч бир ўзгариш кузатилмади.

2019 йил 17 сентябрь куни барча муаммоларни четлаб ўтган Ўзбекистон Карлар жамиятининг 90 йиллиги нишонланди. Ўшанда Олмазор тумани ҳокими ЎзКЖ раҳбарияти ва аъзоларини табриклаб, барча бинолар тўлиқ таъмирланишини таъкидлади. Аммо шу пайтгача ноаниқ сабабларга кўра карлар спортмажмуасида ҳеч қандай ўзгаришлар кузатилгани йўқ.


2019 йил октябрь Карлар спорт мажмуаси авария ҳолатида. Муаллиф: Маъмур Aхлиддинов

Спорт мажмуасининг аянчли аҳволи кўплаб кар спортчиларнинг норозилигини келтириб чиқармоқда — қишда машқ қила олмайдилар, спорт мажмуасининг иситиш тизими авария ҳолатида, ювиниш хоналари ишламайди. 2017 йил U-18 кар жамоалар орасида футзал бўйича жаҳон чемпионлари келажакка умидларини йўқотмоқдалар. Ахир улар ҳали ёш ва халқаро мусобақаларда ғолиб бўлишда давом этишлари мумкин. Aммо бундай шароитда жиддий машқ қилишга кимда ҳам хоҳиш ва қизиқиш қолиши мумкин?

Карлар жамияти раҳбариятининг ҳаракатсизлиги

23 март куни Маъмур Ахлиддинов ЎзКЖнинг Марказий бошқарувига Жамият ва тегишли ўқув-ишлаб чиқариш корхоналарининг ташкилий ва молиявий фаолияти тўғрисида маълумот олиш учун мурожаат қилди. Ариза раис котиби томонидан олинганлиги тасдиқланганига қарамай, хатда кўрсатилган саволларга жавоб олингани йўқ. Бундан ташқари, ЎзКЖ Марказий бошқаруви Уставининг дубликати билан танишиш тўғрисидаги талаб қониқтирилгани йўқ.

Агар ўзларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ташкил этилган Ўзбекистон карлар жамиятининг аъзолари ташкилот фаолияти тўғрисида зарур маълумот ололмаса, унда Жамият ким учун ишлаяпти? Карларнинг асосий жамоат ташкилотида карлар жамияти ва эшитиш бўйича ногиронлиги бўлмаган ЎзКЖ Марказий бошқаруви раиси Жавохир Рихсиев ўртасида бўлиниш мавжуд бўлиб, эшитувчи раис кар фаолларининг ноқулай саволларига эътибор бермай келмоқда.

Кар-соқовлар маданият маркази 1,2 гектар майдонни шаҳар ҳокимиятига текинга бергани сабаблари ноаниқлигича қолмоқда. Агар ЎзКЖ марказий бошқарувининг фикрига кўра, ер майдонларни «уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни камайтириш» сабибига кўра топширилган бўлса, айб қисман раҳбарларининг мол-мулкни ва карларнинг ихтисослашган корхоналарини самарали бошқариш қобилиятига эга эмаслигда бўлиши мумкин.

Натижада, Шарқий Европа ва Марказий Осиё Умумжаҳон карлар федерациясининг минтақавий котибиятининг веб-сайтида жойлаштрилган Ўзбекистон Карлар Жамиятининг ягона саҳифасида таъқидланишича «йиллар давомида яратилган моддий-техник базани, мулкий ва молиявий ресурсларни сақлаб қолишга» аксинча қодир эмас.

Мавжуд маълумотларга кўра, 2019 йилга келиб, мамлакатда 21600 дан ортиқ эшитиш қобилияти чекланган шахслар рўйхатга олинган, уларнинг 5,700 га яқини ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ўқувчилари. ЎзКЖ марказий бошқаруви таъкидлашича, 16 ёшдан ошган 10000 га яқин одамлар ёки мамлакатда рўйхатдан ўтган барча кар одамларнинг деярли 47% Карлар жамиятига аъзо. Бироқ, Ўзбекистон карлар жамияти эшитувчи раиси ўз ташкилоти аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини қай даражада самарали ҳимоя қилаолиши деган савол очиқлигича қолмоқда.

Муаллифларнинг фикрлари нашриётнинг фикри билан мос келмаслиги мумкин.

Маъмур Aхлиддинов — Ўзбекистон Карлар жамияти блогининг муаллифи, Ўзбекистонда кар ва заиф эшитувчи одамлар учун таълим, фан, спорт ва маданият мавзуларини ёритади, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.

Дилмурод Юсупов — Сассекс университети Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти (Буюк Британия).