«Тошкент шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2020−2030 йилларга Тошкентнинг йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилади. Пойтахт ҳокимлигига эса Ўзбекистон ҳукумати кафолати остида пойтахтнинг йўл-транспорт инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун 15 йиллик муддатга 200 миллион долларгача қийматда кредит маблағлари тақдим этилади.

Шунингдек, Бектемир ва Сирғали туманлариҳудудларидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси қирғоғининг 16 километрлик қисмини 65−80 метргача торайтириш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида ҳосил бўлган бўш ер майдонларини электрон аукцион орқали сотиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бир қаторда, Тошкент шаҳрида умумий узунлиги 656 километр бўлган пиёдалар ва велосипедлар юриш йўлларини қуриш кўзда тутилган.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳар ҳокимлигига мазкур икки лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун 2023 йилгача муддатга 1 трлн сўм фоизсиз ссуда ажратилади

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 2 августдаги қарорида кўзда тутилган 2021 йил 1 январга қадар белгиланган имтиёзлар («Business city» марказлари қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун) 2025 йил 1 январга қадар узайтирилади. Булар қаторига қуйидаги имтиёзлар киради:

  • инвесторлар — мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан;
  • бош пудратчи ва бош лойиҳа ташкилотлари — Ўзбекистон норезидентлари томонидан бажариладиган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлашдан;и
  • ташкилотлар-норезидентлар — ҳам доимий муассаса, ҳам Ўзбекистонда тўлов манбаси орқали олинадиган даромадлар бўйича фойда солиғини тўлашдан;
  • дирекциялар, инвесторлар, бош пудрат ташкилотлари — Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, металл конструкциялар учун божхона тўловларини (божхона йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан;
  • дирекциялар «Business city» марказлари фаолият кўрсатишининг бутун даврида солиқларнинг барча турлари ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилинади.

Ишбилармонлик марказлари ва бизнес-инкубаторлар

Шунингдек, мазкур қарор лойиҳасида Тошкент шаҳрида бир қатор ишбилармонлик марказлари ва бизнес-инкубаторларни ташкил этиш режалаштирилган.

Хусусан, Миробод, Учтепа, Шайхонтоҳур ва Яшнобод туманларида бўш турган ва самарасиз ишлатиб келинаётган иншоотлар негизида «Ишбилармонлик марказлари»ни яратиш таклиф этилмоқда.

Турли йўналишларда малакавий ўқув курсларини ташкиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда хориждан келаётган фуқароларга мослашишда ёрдам бериш йўли билан Тошкент шаҳрининг банд бўлмаган аҳолисини ишга жойлаштиришни таъминлаш марказларнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Қарор лойиҳасида таъкидланишича марказлар Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан ташкил этилади ва кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича Тошкент шаҳар дирекциясининг филиаллари ҳисобланади.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Тошкент шаҳридаги «Инха» университети филиаллари ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети қошида бизнес-инкубаторларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Бизнес-инкубаторларнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • талабалар ва ёш олимларнинг илмий ишланмаларини тижоратлаштириш учун рағбат яратиш, талабаларга илмий гуруҳларда, ихтисослашган корхоналарда юқори технологияли бозорга мос маҳсулотлар ва технологияларни яратишга йўналтирилган илмий-тадқиқот ишларида ўқиш босқичи давомида иштирок этиш учун қўшимча имкониятлар яратиш;
  • ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулотларни ва хизматларни ишлаб чиқилишини ва ишлаб чиқарилишини ривожлантириш учун мақбул шароитлар яратиш, уларни ички ва ташқи бозорда олдинга суриш, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш;
  • талабалар ва ёш олимларнинг кичик корхоналарда ва йирик бизнес-тузилмаларнинг бўлинмаларида ишлаш учун таълим олиш босқичида бозор шароитларига кўниктириш;
  • талабар лойиҳа гуруҳларини ва уларнинг асосида янги ташкил этилган кичик корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва максимал даражада яшаб қолишини таъминлаш, имтиёзли шартларда махсус жиҳозланган хоналарни тақдим этиш, жумладан коллектив фойдаланиш учун бизнесни ташкиллаштириш ва юритиш бўйича таълим ва маслаҳат хизматлари мажмуасини кўрсатиш орқали илғор технологияларни оммалаштириш ва илмий билимларни тижоратлаштириш.
  • янги иш ўринларини яратишга кўмаклашиш.

Бизнес-инкубаторларга бириктирилган банклар рўйхати. Манба: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали

Шу билан бирга, бизнес-инкубаторлар 2023 йил 1 август кунига қадар даромад солиғи, ер солиғи ва мулк солиғи, шу жумладан бизнес-инкубаторларнинг резидентлари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, хом-ашё ва компонентлар учун қонунчилик билан белгиланган ставкаларни 50 фоизини тўлайдилар.

Амалдаги қонунчилик билан белгиланган ҳолатлардан ташқари тадбиркорлик субъектларига солиқлар бўйича аванс тўловларини амалга ошириш тақиқлансин.

Карор лойиҳаси муҳокамалари 13 июлга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 4 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг транспорт концепцияси билан танишганди. Унга кўра, устуворлик пиёдалар, велосипедлар ва жамоат транспорти ҳаракатига берилиши белгиланган.

«Бизнинг йўлларда транспорт воситаларига кўп устуворлик берилган. Аслида пиёдалар ҳаракатини, одамларнинг ҳаловати, саломатлигини биринчи ўринга қўйиш керак», — дея таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев.