Марказий банк 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида «Агробанк» ва Халқ банки фаолиятида банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари аниқланганлиги сабабли уларга нисбатан жарима санкциялари қўллади. Бу ҳақда Марказий банкнинг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Агробанк» ва Халқ банки томонидан қонун талабларига риоя қилмаган ҳолда, мижозларнинг ҳисобварақларига маблағ киритиб қўйганлик учун комиссия тўловлари ундирилган, омонат шартномаси шартларига банк томонидан бир томонлама ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи кўзда тутилган. Шунингдек, банкларнинг ахборот стендларида нотўғри ва аҳамиятсиз (долзарб бўлмаган) маълумотлар жойлаштирилган, кредит шартномаси шартларига амал қилмаган ҳолда, кредит тўловлари бўйича пенялар ҳисобланган ва бошқа қоидабузарликларга йўл қўйилган.

Юқорида қайд этилган сабабларга кўра, Марказий банк аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар бериш билан бир қаторда ушбу банкларга нисбатан белгиланган тартибда жарима санкциялари қўллади.