Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Оҳангарондаги дўконларнинг бирида келиб чиққан ёнғин бартараф этиганини маълум қилди.

Хабарга кўра, 28 июнь куни соат 14:15 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Оҳангарон шаҳар, «Гулистон» МФЙда жойлашган кўп қаватли уйнинг 1-қаватидаги дўконда ёнғин келиб чиққани тўғрисида хабар келиб тушган. Бунинг оқибатида ушбу ҳудуднинг 190 м.кв. майдони, яъни, дўконнинг шифти ва ички жиҳозлари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларига зарар етган.

«Мазкур хабар юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув гуруҳи воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, ёнғинни ўз вақтида бартараф этадилар. Қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида 90 м.кв. сақлаб қолинди», — дейилади хабарда.

Дастлабки маълумотларга асосан ҳодисанинг келиб чиқишига «Дамас» ҳамда «Зил"-130 русумли автомобилларининг тўқнашуви сабаб бўлган деб тахмин қилинмоқда.

Хабарда таъкидланишича, келиб чиққан ёнғинда ҳалок бўлган ва жабрланган фуқаролар бўйича маълумот келиб тушмаган.