Коронавирус пандемияси мамлакатда иқтисодиёти ва аҳолининг турмуш даражасига қаттиқ зарба берди. Ўзбекистонликлар уни қандай кечиришмоқда ва давлат ёрдамларининг қайси чораларини давом эттириш керак? «Газета.uz» Жаҳон банкининг катта иқтисодчиси ва Марказий Осиёда камбағаллик ва тенглик масалалари бўйича дастур раҳбари Уильям Зейтцнинг мақоласини тақдим этади.

Бошқа мамлакатлардаги каби, COVID-19 пандемияси Ўзбекистоннинг ҳам иқтисодий барқарорлигини жиддий синовлар остига қўйди. Оқибатда, жаҳон иқтисодиёти тарихдаги энг чуқур рецессиялардан бирига учради. Жаҳон банкининг таҳлилларига кўра, 2020 йилда умумжаҳон даромадлар даражаси 1870 йилдан буён илк маротаба бошқа даврларга нисбатан кўпроқ пасаяди. Пандемия бутун дунё бўйлаб 70 миллиондан 100 миллион нафаргача одамлар ўта қашшоқ бўлиб қолишига олиб келади. Ўзбекистонликлар учун ушбу инқирознинг ҳажми қандай бўлади?

«Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» (Listening to Citizens of Uzbekistan, L2CU) тадқиқотини ўтказиш давомида йиғилган маълумотлар ушбу саволга жавоб беради. Лойиҳа 2018 йилдан бери Жаҳон банки томонидан «Тараққиёт стратегияси» маркази ва Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази билан ҳамкорликда аҳолининг фаровонлиги ва ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича жамоатчилик фикрини баҳолаш учун амалга оширилмоқда.

Яқинда ўтказилган тадқиқот натижаларига ушбу инқирознинг Ўзбекистонга жиддий ижтимоий-иқтисодий таъсирларини кўрсатмоқда. Мазкур тадқиқот ҳар ойда мамлакатнинг барча минтақаларида жойлашган 1500дан ортиқ уй хўжаликларидан тўпланадиган маълумотларга таянади. Тадқиқот касаллик тарқалишни бошлаган вақтдан олиб борилаётганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, апрель ва май ойларида тўпланган маълумотларни аввалги даврлар билан солиштириш мумкин. Шунда ҳозирги инқирознинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини баҳолаш мумкин бўлади. Олинган натижалар шуни кўрсатмоқда-ки, бандлик, даромадлар ва аҳоли фаровонлигининг бошқа кўрсаткичлари кескин ёмонлашган.

Жаҳон банкининг ҳисоб-китобига кўра, касаллик тарқалишни бошлаганидан буён камбағаллик даражаси (одам бошига кунига 3.2 АҚШ доллар миқдоридаги чегаравий кўрсаткични қўллаган ҳолда) COVID-19 пандемиясигача бўлган даврдаги 7.4 фоиз билан таққослаганда 8.7−10 фоизгача ўсди. Бу эса, шу йилнинг ўзида яшаш даражасининг пасайиши оқибатида, қўшимча камида 448 минг фуқаро камабағалликка учраши мумкинлигини англатади. Бундай кўламдаги инқироздан тўлиқ қутилиб чиқиш учун Ўзбекистон жамиятининг барча вакилларидан улкан саъй-ҳаракатлар талаб этилади.

Пандемиянинг одамлар ҳаётига таъсири қандай бўлди?


Бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб фуқаролар, ҳеч бўлмаганда вақтинча, ўз ишларидан ва даромадларидан айрилдилар. L2CU тадқиқотининг маълумотларига кўра, камида битта боқувчиси бўлган уй хўжаликларининг улуши апрель ойида 40 фоиздан ортиқ бандга тушиб кетди ва май ойида нормадан анча пастроқ даражада қолди. Респондентларнинг 12 фоизи май ойида ишини йўқотганлиги ёки тўхтатганлиги ҳақида хабар беришган, бу кўрсаткич йил бошида 1 фоизга тенг эди.

Меҳнат бозори ҳолатининг прогноз кўрсаткичлари ҳам хавотир ўйғотмоқда. Бўш иш ўринлари тўғрисидаги эълонлар сони ўтган йилнинг худди шу даври билан таққослаганда 75 фоизга қисқарди, шунингдек туризм, ресторанлар ва таълим каби хизмат кўрсатиш соҳаларида эса 90 фоизга қисқарган. Ҳаттоки қурилиш ва транспорт каби инқироздан энг кам таъсир кўрган касб йўналишларида ишчиларга талаб ҳам 50 фоиз ва ундан кўпроққа қисқарган.


Маълумотлар olx.uz хизмати томониндан тақдим этилди.

Уй хўжаликларининг молиявий аҳволи тез суръатда ёмонлашиб бормоқда. Озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмолини камайтирганлиги тўғрисида хабар берган респондентларнинг сони апрель ойида 26 фоизгача кўтарилди, ва 12 фоиздан кўпроқ респондентлар озиқ-овқат маҳсулотларини етарли даражада харид қила олмасликларини маълум қилишган. Респондентларнинг 50 фоиздан ортиғи жамғармалари йўқлигини, 40 фоизи эса 100 минг сўм миқдоридаги фавқулотда ҳаражатларни ҳам тўлай олмасликларини маълум қилдилар.

Савдо нуқталарида маҳсулотларнинг етишмаслиги пандемиянинг илк босқичларида жиддий муаммо бўлди. Апрель ойида 16 фоиздан ортиқ фуқаролар маҳаллий даражадаги шундай муаммолар тўғрисида хабар бердилар. Айниқса нон ва ун маҳсулотларини етказиб беришда тақчиллик кўпроқ кузатилди. Вазият май ойида сезиларли равишда яхшиланди ва тақчиллик ҳақидаги хабарлар сони тахминан 6 фоизгача қисқарди.

Касаллик тарқалишни бошлаганида халқаро меҳнат миграцияси ҳам кескин тўхтаб қолди, бу аҳоли фаровонлигига салбий таъсир кўрсатди, чунки пул ўтказмаларининг тезда қисқариб бориши камбағаллик даражаси ортишининг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Бирон-бир миқдорда пул ўтказмаларини олувчи уй хўжаликларининг улуши апрель ойида ўтган йилдаги худди шу даврга нисбатан 54 фоизга қисқарди, май ойида эса бир оз тикланди.

Кўпгина мавсумий меҳнат муҳожирлари ишларини йўқотдилар ва уйларига қайтиб келдилар. Апрель ойида оила аъзолари ҳозирги кунда хорижда ишлаётган уй хўжаликлари улуши 13 фоизгача тушиб кетди (2019 йилда ушбу кўрсаткич тахминан 17 фоиз бўлган). Апрель ойида ҳанузгача хорижда қолаётганлар орасидаги фаол бандлик 88 фоиздан тахминан 73 фоизга тушган. Келажакда меҳнат миграцияси тўғрисида ўйлаётган одамлар сони ўтган йилдагига нисбатан 95 фоиздан ортиқ даражада қисқарди.

Аммо, ушбу салбий хулосалар орасида ҳам келажак учун умид билдиришга асос мавжуд. Ҳукумат томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар аҳолининг заиф қатламларини фавқулотда қўллаб-қувватлаш орқали энг жиддий таъсирларнинг кўпларини юмшатишга ёрдам берди. 3 миллион нафарга яқин фуқаролар апрель ва май ойларида бевосита давлат ёрдамини олдилар. Бундан ташқари, карантин чораларининг юмшатилиши сари бандлик ҳам тикланмоқда.

Респондентларнинг мактаблар ёпилишидан кейин Халқ таълими вазирлиги томонидан бошланган ўқув дастурларининг телетрнасляция орқали давом эттирилишига нисбатан жавоби ҳам етарли даражада ижобий бўлди. L2CU респондентларининг 69 фоизи кўрилган чоралар билан қониққанлигини айтишган. Сўровномада қатнашган 70 фоиздан кўпроқ ота-оналарнинг айтишича, улар мазкур теле-дарслар даражасидан қониқишган ва уларнинг фикрига кўра, сўнгги дарслар пухта ўйланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон иқтисодиёти, эҳтимол, 2020 йилда қисқармайдиган Европа ва Марказий Осиёдаги ягона мамлакат бўлиб қолади. Кутилаётган иқтисодий ўсиш эса 2020 йилда 1,5 фоизни ва 2021 йилда 6,6 фоизни ташкил қилади.

L2CU тадқиқотининг деярли барча респондентлари миллий иқтисодиёт ўсишининг истиқболлари борлигига ишонч билдиришган ва мамлакат сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишнинг тўғри йўналишида дея фикр билдиришган.

Энди қайси йўналишда ҳаракатланиш керак?

Коронавирус пандемиясининг биринчи тўлқини давом этаётган вақтда ўсиб бораётган камбағаллик даражалари билан курашётган сиёсатчилар мураккаб вазифа билан тўқнаш келмоқдалар. Карантин чекловлари амалда бўлган ва касаллик юқиши хатари юқори бўлган шароитларда бандликни таъминлаш орқали даромадларни кўтариш бўйича анъанавий дастурлар фойда бермаяпти. Карантин даврида камбағаллик билан самарали кураш турлари асосан пул ўтказмалари, суғурта дастурлари, солиқ ва йиғимларни камайтириш, ҳамда табиий кўринишдаги тўғридан-тўғри ёрдам бериш билан чекланиб қолмоқда.

Бу каби чоралар, уларнинг чекланганлигига қарамай, одамларнинг иқтисодий ҳолатлари тез суръат билан ёмонлашувининг олдини олиш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Манзилли пул ўтказмалари ҳам ҳукумат томонидан киритилган карантин чораларига риоя этиш даражасини яхшилаши сабабли қўшимча афзалликка эга. Пул ўтказмалари иқтисодий чорасизлик сабабли одамларнинг хавфсиз ишни бажаришга мажбур бўлмасликларини кафолатлаганда, давлат томонидан киритилган қоидаларга кўпроқ иштиёқ билан амал қилинади.

Лекин яқин муддат учун ҳукуматлар устувор йўналишларни ўзгартиришга мажбур бўлишади. Чўзилиб кетган ишсизлик карантин чоралари юмшатилиши билан жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Мазкур босқичда ҳукумат зудлик билан меҳнат бозорини қайта тиклаш учун чоралар кўриши лозим. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқда-ки, одамлар қанча узоқ муддатга ишсиз қолса, иш топишда шунча қийналадилар. Шунинг учун, эпидемиологик ҳолатнинг соғлиқ учун хавфи камайган заҳоти, фуқаролар яна иш билан таъминланишлари жуда муҳим.

Карантин чораларининг юмшатилиши билан иқтисодий тикланишни тезлаштириш учун қўшимча воситалар пайдо бўлмоқда. Мисол учун, кўпгина мамлакатлар бандликни рағбатлантириш мақсадида кам маошли ишчиларни ёллашга кетувчи сарф-ҳаражатларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджет маблағларидан фойдаланган ҳолда энг кўп зарар кўрган соҳаларга меҳнат ҳақи учун субсидиялар ажратишмоқда.

Кўпгина мамлакатлар, шунингдек, узоқ муддатли иқтисодий ўсишга кўмак берувчи тезкор «ютуғи кафолатланган» инвестицияларга харажатларни оширмоқдалар. Бахтимизга, келгуси йилларда Ўзбекистонда кўплаб бундай лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган, ва уларнинг амалга оширилишини истиқболда тезлаштириш мумкин. Бошланаётган иқтисодий тикланиш — бу тоза энергия манбаларига, юқори талаб мавжуд ҳудудларда арзон уйларнинг қурилишига, сувдан фойдаланиш тизимлари ва канализациянинг самарадорлигини оширишга, шаҳар ва қишлоқлардаги инфратузилмаларни мустаҳкамлашга, ҳамда асосий давлат ва муниципиал хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга инвестициялар киритиш учун жуда қулай вақтдир.

Аммо, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси ўсишининг олдини олиш учун фақатгина иш жойларини тиклашнинг ўзи етарли бўлмайди. Даромади паст бўлган ёки инқироз сабабли умуман даромадсиз қолган фуқароларнинг эҳтиёжларини қондириш учун ижтимоий ҳимояни кенгайтириш зарур бўлади. Инқироз даврида давлат ёрдамига муҳтож бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва уларни самаралироқ аниқлаш мақсадида мавжуд ижтимоий ҳимоя дастурларини кенгайтириш лозим бўлиши мумкин.

Ниҳоят, Ўзбекистон коронавируснинг иккинчи тўлқинига тайёр бўлиши керак. Уй хўжаликлари инқироздан ўтиб олиш учун фойдаланган шахсий жамғармалари ва бошқа манбалари сўнгги ойларда кескин қисқарди. COVID-19 касаллигининг янги тўлқини содир бўлган тақдирда кўплаб фуқаролар давомий инқирознинг ижтимоий-иқтисодий таъсирига дош беришлари қийинроқ бўлади. Манзилли молиявий ёрдам ва ишсизлик нафақаларини тўлаш дастурларини кенгайтириш учун ўз вақтида ишлаб чиқилган давлат сиёсати Ўзбекистоннинг келажакдаги ижтимоий ва иқтисодий синовларга тайёргарлигини таъминлашга кўмак беради.