Бухорода 1 июлдан номаълум муддатга қадар жамоат транспортлари сони ва ҳаракатланиш вақти вақтинча чекланади ҳамда буюм бозорлари фаолияти тўхтатилади. Бу ҳақда Бухоро вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар берди.

Коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича вилоят комиссиясидан олинган маълумотга кўра, аҳоли орасида касаллик ортиб бораётгани ва Бухоро шаҳри «сариқ» ҳудуд тоифасига киритилганлиги асосий сабаблар сифатида келтирилмоқда.

Хабарда қайд этилишича, кейинги 14 кун давомида аҳоли орасида касалланиш ҳолати қайд этилмаса комиссия қарори билан жамоат транспортлари ҳаракатланиши ва буюм бозорлари фаолиятига рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Республика махсус комиссияси шаҳар ва туманлар бўйича карантин даражаларини қайта кўриб чиққани ҳакда хабар бергандик. Унга кўра, Бухоро вилоятида шаҳар, туман миқёсида карантин даражалари қуйидагича белгиланган:

«Яшил» ҳудуд: Бухоро тумани, Олот тумани, Когон шаҳар, Қоракўл тумани, Пешку тумани, Ромитан тумани, Когон тумани, Қоровулбозор тумани.

«Сариқ» ҳудуд: Бухоро шаҳар.

«Қизил» ҳудуд: Вобкент тумани, Ғиждувон тумани, Шофиркон тумани ва Жондор тумани.