27 июнь куни Matiz ва ВАЗ-2101 русумли автомобиллар тўқнашиши оқибатида икки нафар киши вафот этди, дея маълум қилди Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида 27 июнь куни тахминан соат 18.30 лар чамасида, туманнинг «Ачамойли» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-101 автомобиль йўлининг 16 километрида, Термиз шаҳри «Дўстлик» маҳалласида яшовчи Б.Ш. бошқарувидаги Matiz ҳаракатланиб бораётганида, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Оқибатда шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган, Қумқўрғон тумани «Арслонбойли» маҳалласида яшовчи Ж.Ф. бошқарувидаги ВАЗ-2101 русумли автоулови билан тўқнашган.

ЙТҲ натижасида Matiz йўловчилари, Термиз шаҳрида яшаган Ж.М. ва ҳайдовчи Б.Ш.нинг қарамоғидаги фарзанди вояга етмаган Н.Н. «ҳаёт учун хавфли билан оғир» тан жароҳати олиб, касалхонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан 27 июнь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса) жиноят иши қўзғатилган.