«Тарбия» янги мактаб фани бўйича 6 миллион нусхага яқин дарсликлар нашри ўқув йили бошланишидан 2,5 ой олдин Kolorpak хусусий босмахонасига топширилди. Аввалроқ Ғафур Ғулом номидаги давлат нашриёт-матбаа ижодий уйи билан дарслик чоп этиш бўйича шартнома имзоланган эди, дея хабар беради Daryo.uz.

2019 йил 23 августдаги йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан «Миллий ғоя», «Одобнома», «Дин тарихи» ва «Ватан туйғуси» фанлари уйғунлигига асосланган «Тарбия» фанининг киритилиши таклиф қилинган эди. Декабрь ойининг охирида Халқ таълими вазирлиги 2020−2021 ўқув йилларида мактабларнинг 1−9-синфларида ва 2021−2022 йилларда 10−11 синфларда янги фанни жорий этиш режасини ўз ичига олган ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди.

«Газета.uz»га ўз исмини ошкор қилишни истамаган Ғафур Ғулом ижодий уйи ходимининг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг барча ўрта умумтаълим мактабларининг 1-дан 9-синфлари учун «Тарбия» дарслиги нашри бир нечта босмахоналарга бўлиб берилган эди. Ғафур Ғулом нашриёти 1, 2, 5 ва 6-синфлар учун дарсликлар, Credo Print эса 3-синфлар ва 4, 7 ва 9-синфлар учун O’zbekiston нашриёт-матбаа ижодий уйи, 8-синфлар учун Sano-Standart босмахонаси дарслик нусхаларини босиб чиқариши кўзда тутилган эди.

Юқоридаги босмахоналар билан шартнома май ойида имзоланган. Уларнинг баъзилари аллақачон 50% тўловни қабул қилишган эди.

Daryo.uz сайтининг хабар беришича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги Олмазор туманига ташрифидан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг 1-дан 9-синфлар учун «Тарбия» дарслиги, шунингдек, 5 ва 8−9 синфлари учун «Информатика ва ахборот технологиялари» дарсликларини Kolorpak компаниясига топшириш тўғрисидаги протоколи қабул қилинган. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга ушбу босмахона билан бир ой ичида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш топширилди.

«Газета.uz» манбаси берган маълумотга кўра, босмахоналар билан тузилган барча шартномалар бекор қилинади, аванс тўловлар қайтарилади ёки бошқа дарсликлар чоп этилиши учун йўналтирилади (баъзи нашриётларда мусиқа, она тили ва бошқа фанлар дарсликлари ҳам нашр этилади). Энди босмахоналар Kolorpak билан шартномалар тузишлари керак бўлади.

«Иш аллақачон бошланган. 1−2-синфлар учун дарсликлар нашри ва уларнинг макетини тузиш бизнинг зиммамизда эди. Шу билан бирга, 5−6 синфлар учун дарсликлар нашри бизда эди, макетини яратиш эса Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошидаги O‘qituvchi илмий-услубий нашриёт маркази зиммасида эди. Бироқ, O‘qituvchi фаолияти президентнинг фармони билан тўхтатилди (2019 йил февраль ойида икки қисмга бўлинганидан кейин — таҳр.). Эҳтимол, биз энди Kolorpak билан биргаликда ишлармиз. Ушбу босмахонанинг сиғими етадими, йўқми, билмадим», — дея таъкидлади «Газета.uz» суҳбатдоши.

ХТВ шарҳи

«Тарбия» дарслигининг янги намуналари. Фото: ХТВ.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz» га маълум қилишича, президентнинг Сергели туманига ташрифи пайтида ХТВга мактаб дарсликларининг сифати, мазмуни, дизайни ва жозибадорлигини ошириш, шунингдек, 2020−2021 йиллар давомида мактаб дарсликлари ва ўқув қўлланмаларининг сифатини тубдан ўзгартириш топширилди.

Топшириқнинг бажарилишини таъминлаш учун Буюк Британиянинг Кембриж университети, Оксфорд университети, Германиянинг Klett-Verlag ва Hueber Verlag, Сингапурдан Star Publishing, шунингдек, Корея Республикаси ва Япония нашриётлари томонидан нашр этилган дарслик, дафтар, ўқув қўлланмалари намуналари ўрганиб чиқилди.

ХТВ маълумотларига кўра дастлаб «Тарбия» фанидан дарсликлар 1−3 ва 5−6 синфлар учун Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйи томонидан, 4, 7−9-синфлар учун эса — O’zbekiston нашриёт-матбаа уйи томонидан нашр қилиниши кўзда тутилган эди (юқорида нашриётлар бошқача бўлинган эди).

«Аммо босмахоналар ўз ишларини суст ташкил этишган, дарсликларни нашрга тайёрлаш ва чоп этишга тайёргарлик кўриш жараёнида эскирган иш услублари сақланиб қолганлиги аниқ бўлди. Бундай шароитда „Тарбия“ дарсликлари янги дизайнда, сифатли ранглар ва қоғозларда нашр этилмаслиги хавфи бор эди», — дея таъкидлади Халқ таълими вазирлиги.

Kolorpak томонидан «Тарбия» ва «Информатика ва ахборот технологиялари» дарсликларининг намуналари халқаро талабларга мувофиқ тайёрланган. «Бундай маҳсулотни фақатгина замонавий чоп этиш технологиялари паркига эга бўлган Kolorpak МЧЖ тез муддатларда ишлаб чиқара олди», — дея таъкидлади вазирлик.

Президентнинг Олмазор туманига ташрифи давомида янги намуналар (муқова, қоғоз тури ва сифати, дизайн концепсияси бўйича нашр сифати) тақдим этилди ва тасдиқланди.

Топшириқ бўйича Kolorpak «Тарбия» ва «Информатика ва ахборот технологиялари» фанларидан 1−9-синфлари учун 70 хил тираж бўйича 6 миллион нусхада дарсликлар тайёрлаш ва нашр этиш бўйича бош пудратчи сифатида ХТВ билан шартнома тузиши белгиланди. Шартноманинг нархи ҳозирча номаълум.

«Kolorpak МЧЖ дарсликларни ягона дизайн ва услубда нашр этишга, уларнинг чоп этилиш техник назоратини таъминлаш ва уларни айнан тақдимотда тасдиқланган шаклда яратиш учун жавобгардир. Лозим бўлса, у нашриётларга янги форматдаги қоғозларни етказиб бериш учун ҳам жавобгардир. Таъкидлаш жоизки, ушбу қоғоз ҳозирги ишлатилаётган қоғоздан фарқ қилади ва унинг нархи арзонроқ», — дея хабар берди ХТВ.

Daryo.uz қайд этганидек, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, истисно тариқасида, 2020−2021 ўқув йили учун дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини «бўш», енгил қоғозда (зичлиги 1 кв. м учун 55−60 грамм, қалинлиги — 1,6−2 см3/г, ёрқинлиги — 86% дан юқори, целлюлоза массасига эга), шунингдек, қўшимча чоп этиш форматларида (ҳозирги 60×90/8 дан ташқари) — 60×84/8 ва 84×108/16 да чиқаришга рухсат берди. Ўқув қўлланмаларидаги матн ва муқовалар ўқувчиларнинг кўзларини зўриқтирмайдиган бўлиши кутилмоқда.

ХТВнинг таъкидлашича, янги «Тарбия» дарсликларини бир нечта босмахоналар ўзаро ҳамкорликда нашр этади: Kolorpak ва Ғафур Ғулом нашриёт-матбаа уйи — 28 хил тираж бўйича 2,6 миллион нусхада, O’zbekiston нашриёт-матбаа уйи — 21 хил тираж бўйича 1,9 миллион нусхада, Sano-Standart — 7 хил тираж бўйича 650,7 минг нусхада, Zamin-nashr ва Credo Print — 10 хил тираж бўйича 692 минг нусхада.

Бундан ташқари, Kolorpak 5 ва 8−9-синфлар учун «Информатика ва ахборот технологиялари» фанидан дарслик ва ўқув қўлланмаларини 42 хил тираж бўйича 2 миллион нусхада чоп этиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу 2020−2021 ўқув йилидаги дарсликлар умумий сонининг 7 фоизини ташкил этади.

Ғофур Ғулом нашриёт-матбаа ижодий уйи билан келишув фақат «Тарбия» дарсликларини тайёрлаш ва нашр этиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилади, ўзаро ҳисоб-китоблар амалга оширилади, бошқа дарсликлар нашри бўйича эса ишлар давом этади, деб таъкидлади Халқ таълими вазирлиги вакили.

Kolorpak компанияси ҳақида

Kolorpak томонидан «ноль» қийматдаги нарҳда сотиб олинган бино. Лойиҳадан олдин ва кейин. Фото: Давлат активларини бошқариш агентлиги.

Корхоналар ва ташкилотларни рўйхатга олиш бўйича ягона давлат реестридаги маълумотларга кўра, Kolorpak матбаа уйи 2004 йил май ойида рўйхатга олинган. Daryo.uz эътибор қаратганидек, 2018 йилда Kolorpak Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Янги Шаҳар кўчаси 1А уйида собиқ босмахона ташкилотлари бино ва иншоотларини сотиб олган. Бино UNICON.uz давлат унитар корхонаси томонидан Kolorpak компаниясига «ноль» қийматдаги нархда, 15 миллион евро, шунингдек, 5 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 200 янги иш ўрни яратиш шарти билан топширилди.

Компаниянинг таъсисчилари — Шухрат Ёқубжонович Ахмедов (50%), Исмоил Иркинович Исроилов (25%) ва Аброр Ахролович Ғаниев (25%). Худди шундай улушларда улар ZO’R TV телерадиокомпаниясига ҳам эгалик қилишади.

Шуҳрат Аҳмедов «Водий садоси» радиостанциясининг раиси бўлиб, «Тасвир» нашриёт уйининг («Тасвир» журнали, «Оптовик» ҳафталиги) 65 фоиз, доимий тарзда нашрлар ва журналлар чиқарадиган East Star Media нинг 33 фоиз улушига эгалик қилади (бошқа асосчилар — Фирдавс Абдухолиқов, Бахтиёр Фозилов ва Тимур Расулов). 2018 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Аброр Ғаниев Akfa компаниялар гуруҳи директорлар кенгаши раиси ҳисобланади, шунингдек у Pallada Investment ва Perfect Plast Profil компаниялари акцияларига эга. Парламент сайловларидан олдин у «Адолат» партиясининг сиёсий кенгашига аъзо бўлган.

Исмоил Исроилов Whitecity Construction, High Land City, Technologi De Lavenir, Pro FM, Discover-Invest, Durable Beton, Techno Logistic Construction, Crystal Paint, Master Pack ва бошқа компанияларда улушларга эга. У илгари Akfa Engineering and Management директори ва директор ўринбосари бўлиб ишлаган.

Kolorpak шунингдек A2 Digital компанияси асосчиси сифатида қайд этилган.

Дарсликларни нашр этиш механизми

ХТВ матбуот хизматининг хабар беришича, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги (ПКМ-239) ва 2018 йил 30 мартдаги (ПКМ-249) қарорларига мувофиқ, умумий ўрта таълим учун дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини нашр этиш хизматлари учун нархлар ва тарифлар (ХТВнинг махсус тасдиқланган рўйхатига кўра) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятга молик товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхатига киритилган.

Энди нархларни ҳисоблаб чиқиш дарсликларни нашрга тайёрлаган ва муаллифлик ҳуқуқи эгаси бўлган босмахоналар томонидан эълон қилинади ва дарсликлар тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиб олинади.

Бироқ, Президентнинг 2020 йил 16 мартдаги (ПП-4640) фармонига биноан 1 сентябрдан бошлаб давлат буюртмалари асосида нашриёт маҳсулотларини, шу жумладан дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини чоп этиш ва уни тайёрлаш Ўзбекистон норезидентларига ҳам иштирок этиш имкониятини бериш билан бир қаторда давлат харидлари тўғрисидаги белгиланган қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда амалга оширилади. Ушбу тартиб корпоратив буюртмачилар учун ҳам мажбурийдир.