Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов UzReport телеканалига берган интервьюсида ҳокимлар, вазирлар ва юқори лавозимдаги амалдорлар «матбуотда ўйламай гапириб қўйгани оқибатида резонансли ҳолатлар» юзага келгани тўғрисида ўзининг шахсий фикрларини билдирди.

«Ўша пайтда президентимиз битта фикр айтганлар: «Эркин матбуот Ўзбекистон учун янгилик. Ўзбекистонда фаолият юритаётган раҳбарлар учун ҳам янгилик. Давр кўрсатдики, биз яхши, замонавий кадрларни, кўнглимиз даражасида етказа олмадик, ярата олмадик. Демак ҳозир айнан шу кадрларни яратиш ва тарбиялаш даври. Мен имконият бераман ҳаммага: хато қилишга ва ўзини хатоси устида ишлашга. Мен бошқача тарбиялай олмайман уларни», — дея президентнинг сўзларини эслайди масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди Васийлик кенгаши раиси.

«Демак матбуот очиқ, бирон бир амалдор хато қилдими, хатоси учун ўзи ҳаракат қилсин, ишласин ва уни тўғирлашни ўйласин. Ҳар битта одам матбуотда қилган хатоси учун ишдан кетса, эртага келган одам ҳам ҳудди шундай хатони қилмайди деб ишонч билан айта олмаймиз, чунки „пачкалаб“ мана бу ерда пойлаб турган „кадровый запасимиз“ йўқ», — дейди Алламжонов.

У хато билан хатонинг ҳам фарқи борлиги, сўзда хато қилиш, билмай гапириб қўйиш ёки ҳақорат қилиб қўйиш бошқа бошқа хатолар эканлигини таъкидлаб ўтди.

Ҳокимлар масаласида тўхталиб: «Ҳокимиятни ўзини битта оила деб ҳисобга оладиган бўлсак, оилани ичида кимдир шу ички жараёндан яширинча, уни сўзларини ёзиб олиб интернетга чиқараяпти. Буни оқибатида, уларни ўша ҳиссиётларга берилиб гапирган ҳақоратлари, сўзлари чиқиб келяпти. Одамларда „бу ҳоким мана шунақа одам экан, бунақа одам ишлаши керакмас бу лавозимда“ деган фикр шаклланаяпти», — дейди Алламжонов.

У масалага раҳбарнинг кўзлари билан қарашни таклиф этди. «Биз масалан, ишдан кетиши керак деб ҳисоблаган ҳокимларни нима учун деб сўрасангиз — ҳақорат қилгани учун дейсиз, ёки мана бунақа сўкингани учун дейсиз. Бошқа нарсани билмаймиз. Нима иш қилди, натижалари қанақа, имкониятлари қанақа, нима ўзгаришлар қилаяпти… Ходимга баҳо бериш учун шундай мезонлар бор. Масалан, бирор-бир вилоят ҳокими, прогноз кўрсаткичларини бажаряптими? Бажаряпти. Солиқлар тушумини бюджетга ўз вақтида бажаряптими? Бажаряпти. Ҳалқ билан учрашяптими? Учрашяпти. Одамларни масалан муаммосини ҳал қилиб беряптими? Ҳал қилиб беряпти. Қурилиш ёки бирор-бир инвестицион лойиҳаларини аъло даражада бажаряптими? Ҳа, бажаряпти. Лекин шунга яраша ўзини ходимлари билан сўкиб, уришаётган бир пайтидаги гапи чиқиб кетиб, кейин одамлар буни ишдан олиб ташлагин деяпти деса».

«Масалан мени дадам ҳам оилада ўтирганимизда жаҳллари чиқса койишлари мумкин, сўкиниш ҳолатлари бўлиши мумкин. Бу оиладаги ички нарса. Ҳар хил ҳолат бўлади. Лекин ўша пайт агар мен шуни диктофонга ёзиб олиб чиқариб юборсам, бутун жамиятда у киши ҳақидаги фикр ўзгаради-қўяди, кейин ўзимизни оқлай олмаймиз. Бу ҳам худди шунақа нарса», — дейди Комил Алламжонов.

Бундай пайтда вилоят ҳокимлари нима қилиши мумкинлиги тўғрида гапириб, Алламжонов ҳокимларнинг матбуот котиби пиар-стратегиясия бўйича тўғри иш ташкил қилиши керак деган фикрни билдирди.

«Лекин бундай тажрибаси бўлмаган ҳокимларимиз қийин аҳволда қолишяпти. Улар бу жараён билан курашиш ўрнига, журналистлар билан курашишяпти. Бу нотўғри. Кейин битта муаммо иккинчи, учинчи муаммоларни келтириб чиқаришига сабаб бўляпти. Президент бундай масалаларга арқонни узун ташлаб, кенг қараяптилар. Бошқача тарбиялашнинг йўли йўқ. Формуласи, рецепти жуда оддий: матбуотга ўз вақтида маълумотни бериш керак, матбуот қўйган саволга вақтида жавоб бериш керак, матбуот кўтараётган халқ дардини эшитиб, ўша қилинаётган хатони тўғирлаш керак вақтида ва уни ҳисоботини бериб қўйиш керак. Бўлди, шу, бизни ҳохишимиз».

«Лекин шу муаммони ҳал қилиш ўрнига журналистни қувлаб кетиб қолишяпти. Журналист кетаверади, лекин муаммо қолиб кетяпти, халқ кўряпти. Эртага бу бўлмаса бошқаси телефонига ёзиб олиб чиқариб юборади. Ҳамма блоггер. Ўзбекистонда 19 млндан ошиқ Телеграм фойдаланувчилари бор. Бу ярим давлатдан кўпи. 60% дан кўпроғи ёшлар. Ҳаммани қўлида ейишга нони ёки уйида телевизори бўлмаслиги мумкин, лекин қўлида телефон бор. Интернет бор, телеграм бор. Мана сизга 19 млн та журналист ва блоггерлар. Ҳар бирида блоггер бўлиш ваколати бор. Унга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди», — дейди Комил Алламжонов.

У оддий ишни оғирлаштирмасликка чақириб: «Агарда мана бунақа имкониятларимиз кичкина ва муаммоларимиз катта бўлса буни ҳам очиқ-ойдин айтишимиз керак. Умид бағишлаш керак эмас. Одамларга айтиш керак, кечирасизлар, ҳозир биз бу ишни қила олмаймиз, мана бизни чўнтагимиздаги пулимиз, мана бу имкониятимиз. Лекин орадан мана шунақа вақт ўтгандан кейин, буни режага киритдик, буни бажарамиз. Одамлар тушунмайдими?», — дея таъкидлади.

«Энг ёмони — ёлғон ваъда бериш. Ёлғон ваъда берма, самимий бўл, чўнтагингдаги пулни очиқчасига кўрсат. Шунда сен уни самарали ишлатасан, керакли жойга ишлатасан… Ва кейин яна битта катта асосий масала борки, хўп, у кейинроқ бўлсаям ҳозир нима қилишингни айтиб қўй. Ва ўша қилаётган ишингни одамлар кўрсин. Бўлди, жуда осон», — деди масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди Васийлик кенгаши раиси.

«Лекин шу нарсани қилишмайди, ҳохлашмайди, кибрга берилганлари жуда кўп. Ва мана шунақа қилиб, ўчакишиб, матбуотни бўғамиз, буни олдириб ташла, буни ёп… Иложи йўқ! Биз бу билан уларни ўзимизга душман қилиб қўямиз», — дея хулоса қилди Комил Алламжонов.