Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов UzReport телеканалига берган интервьюсида сўз эркинлиги, олиб чиқилаётган муаммолар ва матбуотга чиқиб кетган аудиолар учун мансабдорлар жазоланмаётганлигининг сабаблари ҳақида гапирди. Алламжонов ушбу масалалар бўйича ўзининг шахсий фикрини билдирганлигини таъкидлаган.

«Сўз эркинлиги одамларни шаклланишига ёрдам беради, дунёқарашини ўзгартиради, ҳеч бўлмаганда, ўзини ичидаги ҳовурини чиқариб олиши учун ҳам жуда муҳим дейишади. Биз ҳозир шунақа шароитдамизки, имкониятларимиз, тўпланган муаммоларни ечишга қараганда анча кам. Шундай кам имкониятимиз бўлиб туриб ҳаммага „эркин гапираверинг, муаммоларни кўтараверинг“ деяпмиз. Матбуот эса баралла ишлаяпти», — дейди Комил Алламжонов.

У тўпланиб қолган муаммолар кўплиги ҳақида тўхталиб: «Биз жуда ҳохласак ҳам бу муаммоларни еча олмаймиз. Қанақа йўл тутиш тўғри бўлган бўларди деб ўйлар эдингиз шу пайтда? Матбуотда агар этика бўлмаса, ўзини маданияти, тартиби, қадриятлари бўлмаса ва тинмай ёзаверса, муаммоларни кўтараверса… Ҳа кўтариш керак, ҳеч ким бунга шубҳа қилаётгани йўқ. Лекин давлатнинг имконияти кам. Тўпланган муаммолар эса кўп», — дея таъкидлади.

«Жуда бир муҳим, нозик даврга кириб келаяпмизки, биз ушбу қадриятларни тўғри белгилаб олмас эканмиз, маданиятимизни ва ўзимизни этикамизни шакллантирмас эканмиз, ҳар бир журналист ва блоггер вазиятга тўғри баҳо бермай фаолият юритса, бу 34 млн аҳолидан 34 млн фикр чиқади, ҳар бирида тонналаб муаммо бўлиши мумкин. Биз тан олиб айтдикки, таълим соҳаси йиллар давомида савияси анча пасайиб кетди. Маданият соҳаси, солиқ… Қайси соҳа йўқки, қийин аҳволда қолмаган бўлса. Бу очиқ гапириш имкониятини берса, бу ҳовурини чиқариш бўлармикан ёки бўлмасам бутун бир қайиқни чайқатиб юбориш бўлармикан?», — дейди Алламжонов.

«Давлатнинг имкониятларини қанақалигини тўлиқ тушуниб етмаган, мисол учун, омма, талаб қилаверса, сўрайверса, буни вақтида бажариб бера олишни иложи бўлармикан? Имконияти чегараланган бўлгандан кейин… Қилиши мумкиндур, йиллар ўтиб масалан. У муаммоларга етиб боргунча вақт кетади. Шошқалоқлик билан, „бўлмаяпти, бўлмаяпти“ деб, хукумат, давлат обрўсизланиб, ишонч йўқолиб қолмайдими?»