Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, «Сижжак» мавзеси, Сарбоғ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Сижжак» дам олиш оромгоҳини сотади, дея хабар берди агентликнинг матбуот хизмати.

Таъкидланишича, ушбу оромгоҳ шаффофлик принципи асосида оммавий савдолар орқали сотувга қўйилади.

«Сижжак» дам олиш оромгоҳининг бино ва иншоотлари билан биргаликда умумий майдони 5,38 гектарни ташкил этиб, мажмуа агентликнинг балансида ҳисобланади. Давлат активларини бошқариш агентлиги «Газета.uz» га маълум қилишича, айни пайтда дам олиш оромгоҳининг хусусийлаштириш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Аввалроқ хабар берилганидек, дам олиш масканида «спорт иншооти», меҳмонхона, учта сузиш ҳавзаси, амфитеатр, коттеж ва бошқа бинолар мавжуд. Гулнора Каримовага тегишли бўлган оромгоҳнинг мол-мулки Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 10 февралдаги ҳукми билан ҳибсга олинган.

Маълумот учун, мазкур дам олиш оромгоҳи икки марта спорт ташкилотларига топширилиши режалаштирилган эди. Шундай қилиб, «суд томонидан давлат даромадига ўтказилган» «Сижжак» дам олиш маскани негизида Ўзбекистон президентининг 2018 йил 16 мартдаги қарорига биноан Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот базасини ташкил этиш топширилганди.

Бироқ, 2019 йил декабрь ойида президентнинг «Ўзбекистонда футболни ривожланишни мутлақо янги босқичига олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан юқоридаги ҳужжатнинг ушбу банди ўз кучини йўқотди ва «Сижжак» дам олиш маскани ўрнига футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот базасини Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани, Янгибозор қишлоғида ташкил этиш топширилди.

2019 йил июль ойида «Сижжак» дам олиш маскани президентнинг куёви Отабек Умаров бошчилигидаги Ўзбекистон Триатлон федерациясига бепул фойдаланиш учун беришни режалаштираётгани ҳақида маълум қилинганди.

Дам олиш маскани негизида триатлон бўйича миллий жамоалар учун федерациянинг ўқув базасини ташкил этилиши билдирилган эди. Ушбу мақсадлар учун 15 миллиард сўм маблағ юборилиши режалаштирилган эди.

Вазирлар Маҳкамаси бу ҳақдаги тегишли ҳужжатни тасдиқлагани номаълум. Буни қонунчилик маълумотлари миллий базасида топишнинг иложи бўлмади.