15 июнь куни Тошкентдаги умумий овқатланиш муассасалари деярли уч ойлик танаффусдан кейин меҳмонларни қабул қилишни бошлади. Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, бизнес катта йўқотишларни бошдан ўтказди, аммо карантин даврида давлатдан амалий ёрдам олмади. Муассасалар очилганидан кейин ҳам рестораторларнинг санитария талабларига мувофиқ мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича кўплаб саволлари жавобсиз қолмоқда. Соҳа вакиллари «Газета.uz» га сектор қўрқмасдан ишлаши учун нима халақит бераётгани ва нега улар текширув идоралари ходимларида жазоловчиларни эмас, балки маслаҳатчиларни кўришлари қанчалар муҳимлигини гапириб беришди.

Қоидалар ҳаддан зиёд кўп

Пандемия шароитларида давлат идоралари ва тадбиркорлик субъектлари учун вақтинчалик санитария қоидалари (СанПиН) 23 апрелда Ўзбекистон бош санитар шифокори Баходир Юсупалиев томонидан тасдиқланди.

Testo by Zamira&Co. ресторани ҳам-таъсисчиси Наргиза Улуғованинг «Газета.uz»га айтишича, рестораторлар СанПиНда белгиланган ушбу қоидаларга ориентир олишган. Бироқ, 22 май куни тадбиркорлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан ишлаб чиқилган умумий овқатланиш ишларини ташкил этиш бўйича қўшимча тавсиялар олдилар.

Мазкур ҳужжатга биноан, залларда меҳмонларни бир стол атрофида икки киши ёки пластик экран ўрнатилган ҳолатда тўрт киши, шунингдек, бир оила вакиллари учун олти кишини қабул қилишга рухсат берилди.

Бундан ташқари, корхоналарга санитария агентлигининг бошқа тавсиялари ҳам берилди. Масалан, улардан бирида официантлар юзига ҳимоя қилувчи экран кийишлари кераклиги айтилган. Aммо бу ҳужжат муҳрсиз эди, дейди Наргиза Улуғова.


Кейинчалик, 4 июнь куни Республика махсус комиссияси умумий овқатланиш муассасаларида хизмат кўрсатишни қайта йўлга қўйишга рухсат бериш учун қарор қабул қилди.

Ресторанларнинг ишлаши учун мажбурий талаблар қуйидагилар деб белгиланди:

  • зиёфатлар ва оммавий тадбирларни таъқиқлаш;
  • иш вақти 8:00 дан 23:00 гача;
  • столлар орасидаги ижтимоий масофага риоя қилиш;
  • бир стол атрофида тўрт нафардан ортиқ кишини (бир оиладан 10 кишидан ортиқ бўлмаган) жойлаштирмаслик ва инфекция тарқалишига қарши кураш бўйича бошқа чоралар.

Эркин талқин

Шунга қарамай, Наргиза Улуғованинг сўзларига қараганда, муассасаларга «ҳеч қандай ҳужжатсиз одамлар келишади, огоҳлантириш беришади ва ҳеч қаерда ёзилмаган санитария талабларига риоя қилишни талаб қилишади. Улар қоидаларни ўз билганларича талқин қиладилар ёки айнан қайси талабларга риоя қилиш кераклиги борасида бир қарорга кела олмайдилар» — давом этади у.

«Масофа ҳақида хабар берилган эди. Кимдир столлар ораси 2 метр, кимдир стуллар оралиғи 2 метр деди. Столга итариб қўйилган стуллар ёки одам ўтирган ҳолатдаги стуллар орасидами?», — дея савол беради Наргиза Улуғова.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган Тошкент рестораторларидан бирининг сўзларига кўра, иш бошлаганининг биринчи куни у залда меҳмонларни қабул қилиш тақиқланганлиги тўғрисида огоҳлантирилган. Бу ҳақда тадбиркорни хабардор қилган номаълум кишилар ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишмаган ва фақат ёзги террассалар ишлаши мумкинлигини таъкидлашган. Залларнинг фаолият юритиши учун қандайдир рухсатнома олиш зарур. Бундай рухсатномани қай тарзда ва қаердан олиш тўғрисида кўрсатма берилмаган.

Safia қандолатчилик уйлари тармоғи 11 июнь куни санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя қилган ҳолда очилишга рухсат олди. Ушбу ҳужжатни бош врач муҳри ва имзоси билан Миробод тумани санитария агентлиги бошқармаси ходимлари беришган. (рухсатнома нусхаси таҳририятда мавжуд).

Бироқ, 16 июнь куни рестораторларнинг санитария агентлиги директори ўринбосари Ботиржон Қурбонов ва бош санитария инспектори Нурмат Отабеков билан учрашувида тадбиркорларга рухсатнома бериш ноқонуний экани айтилган.

Ундан ташқари, умумий овқатланиш соҳаси юқорида тилга олинган 23 апрелдаги СанПиН талабларига риоя қилиши кераклиги қайд этилди. Бироқ, тадбиркорларнинг сўзларига кўра, учрашувдан кейин Ботиржон Қурбонов ҳамкасбининг сўзларини рад этган.

«ЧайКоф» кофейнялар тармоғи бошқарувчи-ҳамкори Aлина Цимерманнинг айтишича, СанПиНда келтирилган ресторан ходимлари ҳимоя кийимларида ишлашлари кераклиги тўғрисидаги кўрсатма бу кийимлар тез олов олиши, остидаги кийимларни эритиши ва терига ёпишиши сабабли Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тасдиқланмаган.


«Қурбонов уч кун ичида аниқ регламентли видео-кўрсатма чиқарилишини ваъда қилди, аммо биз ҳали ҳануз ҳеч нарса олмадик», — таъкидлайди Наргиза Улуғова.

«Биз қоидани бузишни хоҳламаймиз, жарима тўлашни истамаймиз. Биз „ковид“ тарқалишини камайтиришни ва шу билан бирга иш ўринларини сақлаб қолишни хоҳлаймиз. Биз мадорсизланган ҳолда боши берк кўчадамиз. Аниқ ҳужжат йўқлиги сабаб кўп ҳамкасбларимиз муасасалари ёпиқ», — барча иккиланишларга барҳам берувчи кўрсатмалар бўлмаганлиги сабабли тадбиркорлар ўз ишини давом эттиришдан қўрқишларини таъкидлаганча давом эттирди Testo ҳам-таъсисчиси.

Пан-Осиё таомлари кафеси Kimchi Plate раҳбари Марина Тен Давлат санитария-эпидемиологоия назорати инспекциясининг туман бўлимлари ҳам маълум ҳудуддаги карантин даражасига қараб умумий овқатланиш тизими фаолият юритиши учун ҳар хил талабларни қўйишларига эътибор қаратди. Бу ҳолат рестораторларни чалкаштиради.

Aлина Цимерманнинг сўзларига кўра, умумий овқатланиш муассасалари фаолиятини назорат қилувчи ҳужжатлар шунингдек, туман ички ишлар бўлимлари ва бошқа назорат органлари ходимлари томонидан ҳам олиб келинади.

«Нурмат Отабековнинг ўринбосари текшириш учун буйруқ, гувоҳнома ва сўровнома сўралиши кераклигини айтди. Уч кун текшириш келди: ҳужжатлар йўқ, ҳеч қандай сўровнома, текшириш учун буйруқ йўқ. Оғзаки огоҳлантиришди. Бу рейдга ўхшайди», — умидсизланади Наргиза Улуғова.

«Бизни яширинча ишлашга мажбур қилишяпти»

Caravan Group асосчиси Тимур Мусиннинг таъкидлашича, биргина Тошкент шаҳрида умумий овқатланиш соҳаси 200 минг кишини иш билан таъминлайди. Бу нафақат ресторанлар, балки алоқадор соҳа ходимлари ҳамдир. Бироқ, ресторан бизнесида етакчи йўқ, ҳеч ким тадбиркорларнинг ёнини олмайди, чунки бу ерда катта пул йўқ, деб ҳисоблайди Тимур Мусин.

Унинг сўзларига кўра, холдингни қўллаб-қувватлангани фақат Мажбурий ижро бюроси томонидан илгари мусодара қилинган бир нечта Caravan Group транспорт воситаларини қайтариш имкониятини берганлигида кўринган холос.

Aлина Цимерман карантин пайтида олинган ягона имтиёз бу ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 1 фоизга тушиши деб таъкидлайди. Аммо бу ижара, иш ҳақи ва карантиндаги ходимлар иш ўрнини ушлаб туриш билан солиштирганда аҳамиятсиз пул миқдори, деди у.


Карантин даврида ресторан бизнесини қўллаб-қувватлаш учун қабул қилинган бошқа чоралар қаторига даромад солиғини бекор қилиш, газ ва электр энергиясидан фойдаланганлик учун аванс тўловини 100 фоиздан 30 фоизгача камайтириш, кредитларнинг муддатини узайтириш ҳамда ер солиғи ва мол-мулк солиғини бир квартал давомида бекор қилиш киради.

Aммо тадбиркорлар ҳали яна бир неча ой давомида даромад оломасликларига ишончлари комил. Коммунал хизматлар ресторанларга шусиз ҳам жуда қимматга тушади, муддати узайтирилган кредит тўловларининг ҳам фоизлари бекор қилинмайди, умумий овқатланиш корхоналарининг 99 фоизи эса ўз бино ва ерларига эга эмас, ижарага олади. Шунингдек, алкоголь маҳсулотлари чакана савдоси учун лицензия тўловлари камайтирилди, аммо ҳамма ресторанларда ҳам бар менюси мавжуд эмас.

Aввалроқ, бизнес вакиллари Spot.uz га ҳукумат умумий овқатланиш муассасаларига солиқ имтиёзлари бериши, пандемия туфайли вақтинча ёпилган корхоналар иш ҳақининг бир қисмини компенсация қилиши, кредит тўловларини тўхтатиб қўйишлари, улар бўйича фоиз ставкаларини камайтиришлари ва бошқа имтиёзлар беришлари мумкинлигини айтишган эди.

«Сардоба воқеалари содир бўлганида олдимизга келиб, резина этик сўрашди. Кам таъминланганлар учун ёрдам сўрашди. Ва биз ёрдам бердик. Бунинг эвазига биз ҳеч нарса олмадик», — деди «Газета.uz»га ўз исмини айтишни истамаган ресторатор.

Бундай йўқотишлар фонида ушбу ташкилотларга ташриф буюрган ва инфекция юқтирган одамларни карантин давридаги харажатларини қоплаш масъулиятини тадбиркорларга юклаш ресторан бизнеси учун ҳалокатга ўхшайди. Олдинроқ, бош санитария назоратчиси Нурмат Отабеков таъкидлаганидек, тадбиркорлар фақат эпидемиологик текширув натижаларига кўра жавобгар бўладилар. Шунингдек, у ушбу ташкилотларнинг айбсизлигини исботлаш учун корхоналарда кузатув камераларини ўрнатишни тавсия қилди. Aммо кўплаб ташкилотлар бундай харажатларни қоплай олишмайди, деб ҳисоблайди Aлина Цимерман.

«Мен учун ёпилиш фойдалироқ, лекин агар мен ёпилсам, юз киши ишсиз қолади. Мен кабилар эса кўп», — дейди у.


Наргиза Улуғова қоидаларнинг барча таҳрирлари жуда ноаниқ эканлигини таъкидлади. Талабларнинг талқинлари шуқадар кенгайганки, улар қоидабузарликларни аниқламасликнинг имкони қолмаслиги, ресторанларнинг ишлаши қийинлашиши учун ёзилганга ўхшайди.

«Aввалига умумий овқатланиш муассасасига келган бир оила олти кишидан, кейин ўн кишидан иборат бўлиши мумкинлиги айтилди. Қайси кўрсатмага амал қилиш керак? Бу оила эканлигини қаердан биламиз? Паспортларини сўрашимиз керакми?», — сўрайди Aлина Цимерман.

«Бизни ресторанларга орқа эшикдан киришга, яширин ишлашга мажбур қилишяпти. Aммо ҳеч ким қоидабузар бўлишни хоҳламайди», — таъкидлади Тимур Мусин.

«Бизга маслаҳатчилар керак, жазоловчилар эмас»

Наргиза Улуғова, Aлина Цимерман, Марина Тен ва Тимур Мусин умумий овқатланиш муассасалари давлатнинг молиявий ёрдамига ёки бирон-бир имтиёзига муҳтож эмаслигини таъкидладилар. Фақатгина ресторанлар ўсиши учун имкон бериш керак. «Aкс ҳолда, йил охирига қадар биз кўпчиликни ҳисобдан йўқотамиз», — деб ишонтирди Тимур Мусин.

«Нима учун 23:00 дан кейин ишлаш мумкин эмас? Соат 23:00 дан кейин вирус бошқача ҳаракат қиладими? Мен Chelsea ни очолмайман, чунки у соат 22:00 да ишни бошлайди. Шу билан бирга, банклар кредит учун тўловни амалга оширишни ва фоизларни қоплашни талаб қилади. 2017 йилгача ярим тундан кейин ишлаш оғзаки тақиқланган эди, аммо ўшанда ҳам ҳуқуқий кучга эга ҳужжатлар йўқ эди. Натижада мамлакатда тунги ҳаёт ўлди. Тунги ҳаётнинг жонланиши билан ёш сайёҳлар бу ерга кела бошладилар, чунки улар учун кундузи 45 даража иссиқда эмас, балки тунда мазали овқатланиш қизиқ ва муҳим», — дейди Тимур Мусин.

Унинг таъкидлашича, ресторанларга эркин иш соати зарур. Бу кўпроқ мижозларни, кўпроқ иш вақти ва иш жойлари, кўпроқ фойда ва кўпроқ солиқларни англатади.

Aлина Цимерман умумий овқатланиш соҳасида ахборот қўллаб-қувватлаши йўқлигига эътибор қаратди. Ҳеч ким фармонларнинг талабларига риоя қилиш йўлларини тушунтирмайди, уларда жуда кўп ноаниқликлар мавжуд.


«Биз иш билан таъминлайдиган, туризмни шакллантирадиган соҳамиз, масалан, россиялик сайёҳ „вақтини мазали ўтказиш“ учун келса ҳамки, бизни туризм билан боғлашмайди,», — деб ҳисоблайди Тимур Мусин.

Рестораторлар умумий овқатланиш соҳаси учун аниқ ва тушунарли ишлаш қоидаларини бериш, режадан ташқари текширувларни бекор қилиш ва уларнинг ўрнига мониторингни амалга оширишни сўрашади.

«Текширувлар мониторингдай бўлсин. Бизга маслаҳат беришсин, жазолашмасин. Бизга тўғри ишлашимиз учун ёрдам беришсин», — аниқлик киритади Aлина Цимерман.

Тимур Мусин, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти учун регламент белгилаш кераклигини қўшимча қилди. У 21 июнь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унинг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган Cinara’s ресторанига келиб, унинг ёпилишини талаб қилишганлигини айтган. «Aгар келиб (муассасани) ёпишни сўрашса, асос, қоғозлар бўлсин. Биз бу қоғозларни банкка кредитни тўлашга қодир эмаслигимизни асослаш учун тақдим эта оламиз».

Марина Тен умумий овқатланиш муассасаларига ёзги верандаларни очиш ҳуқуқи кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозир барча террассалар ноқонуний қурилган, чунки бу каби ҳаракатнинг ўзи қонунийлаштирилмаган. Тадбиркорлар катта хурсандчилик билан верандаларни қонуний қурган бўлардилар.

«Пойтахтнинг қиёфасини яратиш керак. Иссиқ мамлакатларда ҳаёт кечқурун бошланади, одамлар сайр қилишади, кўчада ўтиришни хоҳлашади. Шундай қилиб биз инфратузилмани қуришимиз, уни яхшилашимиз мумкин, чунки бунда бизнинг манфаатларимиз бор», — хулоса қилади Тимур Мусин.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги шарҳлари

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги эпидемиологик мониторинг ва профилактик тадбирларни ўтказиш бошқармаси бошлиғи Рустам Икромов «Газета.uz»га берган интервьюсида карантин даврида умумий овқатланишни тартибга солувчи асосий ҳужжат 23 апрелдаги СанПиН эканлигини таъкидлади. Қолган кўрсатмалар фақат тавсиявий характерга эга, деди у. Агар ушбу тавсияларнинг бирортаси умумий овқатланиш муассасаси томонидан бажарилмаса, унда назорат органларининг уларни жаримага тортишга ҳаққи йўқ.

Шунга қарамай, 22-майдаги СанПиН ресторанларнинг иш вақтини ёки битта столда ўтириши мумкин бўлган одамлар сонини чегараламайди. Рустам Икромовнинг сўзларига кўра, бу чекловлар республика махсус комиссиясининг қарорлари билан қабул қилинади. Демак, умумий овқатланиш муассасалари фақатгина битта кўрсатмага амал қила олмайди.


Залларда меҳмонларни қабул қилиш тақиқлангани ҳақида гапирганда, Рустам Икромов СанПиНда бу борада ҳеч қандай чекловлар йўқлигини айтди. Шунингдек, тақиқ ҳеч қандай тавсияларда ҳам кўрсатилмаган, аммо махсус комиссиянинг ҳеч қаерда эълон қилинмайдиган ва ҳеч қаерда тарқатилмайдиган баённомасида ташриф буюрувчиларга фақат очиқ майдонларда хизмат кўрсатиш мумкинлиги айтилган.

Назорат идоралари залларда меҳмон қабул қилганликлари учун муассасаларни жаримага тортиши мумкинми? Жарима ёзишда улар қандай ҳужжатни кўрсатадилар? Агар махсус комиссия баённомаси бўйича мижозларга фақат террассаларда хизмат кўрсатиш мумкин бўлса, нега залларга ташриф буюрувчилар эътиборга олинмаяпти ва бундан ташқари, нима учун тадбиркорларга ёзги верандалар қуришга расмий рухсат берилмайди?

Рустам Икромовнинг таъкидлашича, агар махсус комиссия тақиқига қарамай ресторанга ташриф буюрувчиларни залга қабул қилганликлари учун рестораторлар жаримага тортилмаса, демак муассасалар эпидемияга қарши талабларга жавоб беради: барча ташриф буюрувчиларнинг ҳароратини ўлчайдилар, столлар орасидаги масофага амал қиладилар, дезинфекция воситаларидан фойдаланадилар.

Шунингдек, у ҳозирги кунда санитария агентлиги маҳаллалар, туманлар ва шаҳарлардаги карантин даражасига қараб умумий овқатланиш муассасалари фаолиятини чеклаш бўйича таклифни тайёрлаётганини айтиб ўтди. Aгар махсус комиссия санитария агентлиги тавсияларини қабул қилса, коронавирус тарқалиш хавфи юқори бўлган ҳудуддаги ресторанларга фақат егуликни ўзи билан олиб кетиш хизматини йўлга қўйиш учун ишлашга рухсат берилади.

Рустам Икромов махсус комиссиянинг баъзи қарорларини изоҳлай олмади. Масалан, ресторанлар иш соатларини соат 23:00 гача чекланиши. Шубҳасиз, бу тунги вақтда вируснинг фаоллашиши билан боғлиқ эмас.

Тадбиркорлар ва фуқаролар бир неча бор махсус комиссия қарорларининг асослилиги, изчиллиги ва мақсадга мувофиқлиги масаласини кўтаришди, уларнинг аксарияти санитария агентлиги тавсиялари сингари турлича тушунилиши мумкин. Aммо афсуски, бу саволлар очиқлигича қолмоқда.