Президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 июнь куни нишонланадиган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан табриги давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Жаҳон миқёсида юз берган пандемия туфайли вужудга келган бугунги мураккаб вазият ва қийинчиликларга қарамасдан, аҳолига тезкор ва ишончли ахборот етказиб бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни атрофлича акс эттириш йўлида ўз профессионал бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган сиз, журналистлар аҳлига чуқур миннатдорчилик билдираман», — дейилади хабарда.

Президент табрикда таъкидлашича, ўтган йил давомида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ўтган бир йил давомида кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, 201 та туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилди. Бундан ташқари, сўнгги йилларда катта аудиторияга эга бўлган қарийб 290 та хусусий ва идоравий Интернет нашрлари ташкил этилди.

«Энг асосийси, оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратмоқда», — дея қайд этилди табрикномада.

Давлат раҳбари оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш борасида нафақат ютуқлар, балки бир қатор нуқсонлар ҳам мавжудлигини айтиб ўтди.

«Миллий медиа майдонимизда замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, энг муҳим тенденцияларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш ҳали ҳам етакчи ўрин эгалламаётганини айтишга тўғри келади. Афсуски, аксарият ахборот воситаларида ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар ҳануз устунлик қилмоқда», — таъкидланади хабарда.

Яна бир муҳим масала: айрим журналист ва блогерларда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантирмоқда, дейилади табрикномада.

Президентнинг сўзларига кўра, бу борадаги энг асосий вазифа — «ана шундай камчиликларни чуқур ўрганиб, уларни бартараф этиш, мавжуд миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш, оммавий ахборот воситаларининг самарадорлигини оширишдан иборат».

«Биз бугун ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилишимиз зарур. Бу мезонларнинг энг асосийси — холислик ва ҳаққонийликдир. Бинобарин, матбуот майдонига кирган инсон — у журналист бўладими, блогер бўладими, бундан қатъи назар — ана шу қоидаларга амал қилиши шарт», — дейилган табрикда.

Шавкат Мирзиеёв бўлғуси журналистлар чуқур билим ва касб маҳоратини, она тили билан бирга чет тилларни, фаол фуқаролик позициясини, ахборот-коммуникация технологиялари, нотиқлик малакасини пухта эгаллашларига алоҳида эътибор қаратиши кераклигини билдирди.

Хабарда айтилишича, агар юқори малакали кадрлар тайёрлашда «халқимизнинг бой маънавий меросига таянсак», бу иш янада самаралироқ бўлади. Жадидлар мероси, шу жумладан бу йил 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланаётган улуғ аллома ва публицист Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг миллий журналистика мактаби айниқса муҳим аҳамиятга эга.

Шу муносабат билан президент Ўзбекистон журналистикаси ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун «ёшларимизни миллий ғоя руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган» Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендияни таъсис этишни таклиф қилди.

Шунингдек, табрикда дунёнинг этакчи медиа-компанияларининг кадрлар тайёрлаш ва улар билан ишлаш соҳасидаги тажрибасини чуқур ўрганиш, хорижий журналистлар билан тажриба алмашиш ва ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланади.