Омбудсман Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори А.Саидов Андижонда содир этилган нохуш воқеа масаласида Омбудсманнинг минтақавий вакилига нисбатан билдирган танқидий фикрларга муносабат билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Андижон шаҳар ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқаро А.Абдукаримов қийноқлар оқибатида етказилган тан жароҳатлари натижасида вафот этганди. Айни пайтда марҳум А.Абдукаримовга нисбатан содир этилган жиноят иши бўйича суриштирув-тергов ҳаракатлари шахсан Бош прокурор назоратида олиб борилмоқда.

Ўз ўрнида, 25 июнь куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори А.Саидов ўз чиқишида Омбудсманнинг минтақавий вакилига танқидий фикрлар билдирган.

«Ходимим Андижонга борди. Марҳумнинг оиласида бўлди. Оила аъзолари ундан нимани сўрашганини биласизми? «Бизни блогерлар қийнаб юборишди. Бизнинг қайғумиздан улар нима қилишмоқчи эканини биласизми? Нима қилишмоқчи эканликларини билмаймиз. Бизларни блогерлардан ҳимоя қилинг. Лекин мени Омбудсманнинг минтақавий вакилининг жавоби ранжитди. Менинг ходимим унга «Сиз шу вилоятда вакилсиз, нега сиз ҳеч қандай чоралар кўрмадингиз», деб сўраганда, у «Менга [марҳумнинг] оила аъзоларидан ҳеч ким мурожаат қилмаган», дея жавоб берган. Бу нима деган жавоб?! Менинг фикримча, бундай ҳолатга муносабат билдириш Омбудсманнинг биринчи навбатдаги вазифасидир», — дея Омбудсманнинг минтақавий вакилига нисбатан танқидий фикр билдирган.

Ўз ўрнида, Омбудсман билдирилган ушбу танқидий фикрлар ўринли эмаслиги ва ушбу ҳолат ҳақида хабар тарқагач ташкилот уни ўрганиб, алоҳида назоратига олганлигини ҳамда бу пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази жим турганига ишора қилди.

«Марҳум А.Абдукаримов ички ишлар органлари ходимлари томонидан етказилган тан жароҳати натижасида вафот этганлиги ҳақида интернет нашрларида хабар тарқагач, ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ўрганилиб, алоҳида назоратга олинди ва 14 июнь куни Омбудсман томонидан муносабат ва марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирилди. Қолаверса, Вакил томонидан ушбу салбий ҳолат юзасидан „Газета.uz“ ҳамда Uzreport ва Ўзбекистон 24 журналистларига интервью берилди. Бу пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ жим эди (сайтларда берилган муносабатлар санасидан билиш мумкин). Бунинг учун, аввало, журналистлар, интернет нашрлари ва блогерларга миннатдор бўлишимиз керак. Давлат раҳбарининг иродаси билан мамлакатимизда бугун сўз ва фикр эркинлиги қарор топди. Бу эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғидир», — дейилади Омбудсманнинг хабарида.

«Бу муҳим эмас! Муҳими Андижондаги воқеага ҳаммамиз айбдормиз! Ички ишлар ҳам, Омбудсман ҳам, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳам! Энг муҳим хулоса, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги лозим. Инсон ҳуқуқлари учун ҳаммамиз масъулмиз!», — дея ўз хабарини якунлади Омбудсман.

Хабарда таъкидланишича, ушбу салбий ҳолат вужудга келишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўрганиш ва келгусида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан миллий превентив механизм доирасида Омбудсманнинг Минтақавий вакили, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг Андижон вилояти бўйича вакиллари иштирокидаги эксперт гуруҳи таркибида Андижон вилоятида жойлашган бир қатор ички ишлар бўлимлари, шахслар ушлаб турилган, ўз эрки билан чиқиб кета олмайдиган жойлар ва тергов ҳибсхонасида жорий йилнинг 22−23 июнь кунлари мониторинг ўтказилган.

Мониторинг жараёнида эксперт гуруҳи аъзолари марҳум А.Абдукаримов яшаб келган хонадонга ташриф буюрган ва унинг яқин қариндошларига ҳамдардлик билдиришди. Ташриф жараёнида омбудсман ходимларига марҳум А.Абдукаримовнинг синглиси М.Ибрагимова жиноят содир этган ички ишлар ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган.