Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистонда одам савдосига қарши амалга оширилган чораларни ижобий баҳолади. Бу ҳақда Давлат департаментининг раҳбари 2020 йил учун Одам савдоси тўғрисидаги ҳисоботига бағишланган анжуманда таъкидлаб ўтди.

«Марказий Осиёда баъзи ҳукуматлар узоқ вақтдан бери одамларни пахта саноатида ва бошқа соҳаларда ўз аҳолисини мажбурий меҳнатга жалб қилишарди. Ўзбекистоннинг бу борадаги муҳим саъй-ҳаракатлари минтақадаги бошқа давлатлар учун янги стандартни яратмоқда», — деди Майкл Помпео.

Шу билан бирга, Давлат котиби АҚШ ҳукуматлар ҳомийлигида амалга ошириладиган одам савдосига йўл қўймаслигини ва бу сингари ҳукуматларни қўллаб-қувватламаслигини билдирди.

«Биз ҳукумат ҳомийлигида амалга ошириладиган одам савдосига жиддий қараймиз. Америка Қўшма Штатлари ўз фуқароларини зулмга дучор қилиш сингари одам савдоси сиёсати ёки моделини илгари сурадиган ҳар қандай ҳукумат билан бирга бўлмайди», — дея қайд этиб ўтди Помпео.

Эслатиб ўтамиз, 17 июнь куни Олий Мажлис Сенати раиси бошчилигида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси мажлиси бўлиб ўтганди. Унда Танзила Норбаева одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 22 фоизга камайгани ҳақида таъкидлаб ўтганди. Шу билан бирга 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан камайган бўлсада, бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар юқорилигича (43 фоиз) қолаётганини маълум қилганди.