Сентябрь ойида футбол бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон миллий терма жамоалари ўртасида Тошкент шаҳрида ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси (UFA) хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон Чемпионати-2022 ва Осиё кубоги-2023 қўшма саралаш босқичидаги қолдирилган учрашувларни октябрь ва ноябрь ойларида ўтказади.

«Ушбу баҳсларга муносиб тарзда тайёргарлик кўриш мақсадида, миллий терма жамоа учун сентябрь ойида Тошкентда ўқув-машғулот йиғини ташкил этилади. Мазкур йиғин доирасида Вадим Aбрамов мураббийлиги остидаги миллий терма жамоамиз Тожикистон билан ўртоқлик ўйини ўтказади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Тожикистон футбол федерацияси билан келишган ҳолда, ушбу учрашув 4 сентябрь куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Маълумот учун, футбол бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон терма жамоалари саккиз марта учрашган. Бунда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўртта ғалабага эришган, учта учрашувда ғолиб аниқланмаган ва яна битта ўйин Тожикистон терма жамоаси фойдасига якунланган. Ўзбекистон ва Тожикистон миллий терма жамоалари сўнгги марта тўққиз йил аввал — 2011 йил 15 ноябрда Тошкентда учрашган.