Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 26−28 июнь кунлари республиканинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида сел келиши хавфи мавжудлигидан огоҳлантирди.

Ушбу ҳудудларда яшовчи аҳолидан эҳтиёт чораларини кўриш, нохуш ҳолатлар юзага келганда, ФВВнинг «1050» рақамига мурожаат қилиш сўралди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель-май ойларида тоғ ва тоғолди ҳудудларида сел келиши оқибатида кўплаб турар жой ва хўжалик биноларига зарар етиб, хавфли ҳудудлардан аҳоли эвакуация қилинди. Шунингдек, бир қанча ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилди. Жумладан, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 10 ёшли қиз, Зоминда 14 ва 9 ёшли опа-ука сел оқизиб кетиши натижасида ҳаётдан кўз юмган эди.