Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини аниқлаш кўламини кенгайтириш ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида 24 июндан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига ихтиёрий мурожаат қилган фуқароларни ушбу инфекцияга пуллик асосда текширишга рухсат берилди, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби.

Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази раҳбари Малика Қудратхўжаеванинг берган маълумотига кўра, 25 июнь санасига қадар «Тиббиёт дунёси», «SWISS LAB», «VITROS DIAGNOSTICS», «GENOTEXNOLOGIYA» ва «AKFA MEDLINE» сингари нодавлат тиббиёт ташкилотлари ўз лабораторияларида коронавирус инфекциясини пуллик асосда текшириш хизматини йўлга кўйиш бўйича шартнома имзолашган.

Ушбу тиббиёт муассасалари лабораторияларида яратилган шароитлар ўрганилди ва белгиланган талабларга жавоб бериши тўғрисида хулосага келинди. Унга кўра, Тошкентда биринчилардан бўлиб «Тиббиёт дунёси» МЧЖ ушбу хизмат фаолиятини 24 июндан бошлаган бўлса, қолган нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳам шу ҳафта ичида коронавирус инфекциясини пуллик асосда текширишни бошлашини маълум қилишган, дейилади хабарда.