Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида Cobalt велосипедчини уриб юбориши оқибатида фуқаро вафот этди, дея хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 17 июнь куни фуқаро Ю.Ж. бошқарувидаги Cobalt русумли автомашинасини Туркистон кўчаси бўйлаб бошқариб кетаётиб, қатнов қисмини кесиб ўтаётган велосипедчи С.Б.ни уриб юборган. Оқибатда велосипедчи С.Б. тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.