Давлат комиссиясининг 1-сон баёни билан 2020−2021-ўқув йили учун хотин-қизларга ажратилган тўрт фоизли қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларининг ҳудудлар кесимидаги тақсимоти тасдиқланди, дея хабар берди Давлат тест марказининг матбуот хизмати.

Унга кўра, хотин-қизларга олий таълим муассаларда Республика бўйлаб жами 940 та жой ажратилиб, уларнинг ҳудудлардаги тақсимоти қуйидагича:

  • Қорақалпоғистон Республикаси — 51;
  • Андижон вилояти — 85;
  • Бухоро вилояти — 53;
  • Жиззах вилояти — 36;
  • Қашқадарё вилояти — 88;
  • Навоий вилояти — 28;
  • Наманган вилояти — 75;
  • Самарқанд вилояти — 104;
  • Сурхондарё вилояти — 71;
  • Сирдарё вилояти — 49;
  • Тошкент вилояти — 80;
  • Фарғона вилояти — 100;
  • Хоразм вилояти — 50;
  • Тошкент шаҳар — 70.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, хотин-қизлар учун қўшимча грант кимларга берилиши ва тартиби ҳақида хабар бергандик. Унга кўра, хотин-қизларга бериладиган тавсияномалар қуйидаги мезонлардан бири асосида берилади:

  • кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар;
  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари;
  • шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар;
  • ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар;
  • ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар;
  • олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан икки ёки ундан ортиқ маротаба паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи оилалардаги қиз фарзандлар (уларни ўз ҳудудида 3 йил ишлаш шарти билан).

Шунингдек, тавсияномага талабгорлар томонидан бир қатор ҳужжатлар тақдим этилиши лозим бўлади. Булар — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири номига ариза; белгиланган мезонлардан бирини тасдиқловчи ҳужжатлар (иловаси билан); маълумотнома-объективка; умумий ўрта таълим ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасидан маълумотнома ва паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхалари.

Таъкидланишича, туман (шаҳар) бўлимлари ҳузуридаги ишчи гуруҳ томонидан талабгор хотин-қизларнинг ҳужжатлари 24 июндан 10 июлга қадар қабул қилиш режалаштирилган.