23 июнь куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яширинча равишда фаолият юритиб келаётган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» (ТЖК) халқаро террорчилик ташкилоти тарафдорларининг аниқлангани ва қўлга олингани ҳақида ИИВ ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу шахсларни қўлга олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Марказий Ички ишлар бошқармаси ва Тошкент шаҳар Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан биргаликда тезкор тадбирлар олиб борилган.

«Дастлабки тўпланган маълумотларга кўра, мазкур шахслар ҳозирда Сурияда халқаро террорчилик ташкилоти, ТЖК сафида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 2001 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А. Абдуқаҳҳоров ва унинг раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб, интернет орқали экстремистик мазмундаги видеороликларни муҳокама қилиб, „ҳижрат“ ва „жиҳод“ амалларини бажариш мақсадида Сурия Араб Республикасига чиқиб кетишни режалаштирганлар», — дейилади хабарда.

Қўлга олинганларнинг уч нафари илгари терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноятлар учун жазоланган, дея маълумот беради ИИВ.

Жиноят кодекси 2442-моддаси 1-қисмига биноан (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) қўзғатилган жиноят иши доирасида Тошкент шаҳрининг Олмазор, Учтепа, Чилонзор, Яккасарой ва Сирғали ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидаги 25 та манзилларда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 25 нафар шахслар қўлга олинган.

Ушланган шахсларнинг яшаш жойларида ашёвий далиллар топилган. Ҳозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда, дея хабар беради ИИВ.

Маълумот учун, Олий суднинг 2016 йил 26 сентябрдаги қарорига асосан «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.