Даркнетдаги форумлардан бирига Telegram нинг бир неча миллион фойдаланувчилари ҳақида маълумотлар, телефон рақамлар ва никнеймлар (таҳаллус) тўплами шаклида маълумотлар базаси жойлаштирилган. Бу ҳақда KOD.RU хабар беради. Файлда шунингдек базадаги фойдаланувчилар идентификаторлари ҳам мавжуд.

Ҳозирча базада қанча фойдаланувчи ҳақида маълумот бор эканлиги борасида аниқ маълумот йўқ. Бироқ, файлдаги қайдлар сони 40 млн дан ортиқ эканлигини кўриш мумкин.

Шу жумладан, Telegram матбуот хизмати бу ҳақдаги хабарларни тасдиқлади ва базадаги деярли 70% аккаунт фойдаланувчилари Эрондан, 30 фоизи эса Россиядан эканлиги ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, Telegram матбуот хизматининг маълум қилишича, базадаги кўпчилик маълумотлар 2019 йилга тегишли ва унинг 60 фоизи ҳозирда актуал эмас.

«Маълумотларнинг 84% дан ортиғи 2019 йил ўрталаригача тўпланган. Ушбу маълумотлар базасидаги аксарият маълумотлар (камида 60%) аллақачон аҳамиятсиздир. Бу эса ўтган йили биз ушбу турдаги суиистеъмол қилишларнинг кўлами ва тезлигини сезиларли даражада камайтирганлигимизни кўрсатиши мумкин», — дея изоҳлайди Telegram матбуот хизмати.

«Газета.uz» ушбу маълумотлар базасини текширганда, унда 50 мингдан ортиқ Ўзбекистонда рўйхатга олинган телефон рақамлари мавжудлигини аниқлади. Маълумотлар орасида рақамлар қайтарилган бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, бу рақам аниқ вазиятни кўрсатиб бермаслигини маълум қилмоқчимиз.

Маълумотлар базасидаги ўзбекистонлик рақамлар

Бундан ташқари, Гонконг хабарларидан сўнг, «Ким мени телефон рақами орқали контактларга қўшиши мумкин» созламаси қўшилган. Ушбу созлама диссидентлар ва норозилик намойишлари фаолларига ўзларининг аккаунтлари ва телефон рақамлари ўртасидаги алоқани бутунлай яширишга имкон беради.

«Шу билан бирга, ушбу маълумотлар базаларидаги маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, 2019 йил ёз охирида Гонконг фойдаланувчиларининг сонини кўпайтириш тўғрисидаги хабарларга жавобан биз қабул қилган қўшимча чоралар самарали бўлди», — дея таъкидлаб ўтган Telegram матбуот хизмати.

Маълумот учун, яқинда «Газета.uz» Telegram мессенжерида ёзишмалар махфийлиги ва профиль хавфсизлиги созламаларини ўрнатиш бўйича қўлланмасини ҳавола этган эди.