Россия Федерациясига амалий ташриф дастурида кўзда тутилган тадбирлар якунланди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.


Аввалроқ хабар қилинганидек, Шавкат Мирзиёев Россияга амалий ташрифи давомида Москва шаҳрининг Александр боғидаги «Номаълум аскар» ёдгорлигига гул қўйди. Президент инсоният тинчлиги учун жон фидо қилган ватанпарвар инсонларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.


Шундан сўнг давлат раҳбари Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси яқинида жойлашган Ислом Каримов хиёбонига ҳам ташриф буюрди. Президент давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатнинг биринчи президенти ҳайкали пойига гулчамбар қўйди, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.


Президент Ислом Каримов ҳиёбонига ташрифи чоғида бу ерга йиғилган ватандошларни қутлади.