Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров Ўзбекистон монетар сиёсатида миқдорий юмшатиш инструментини қўллаш имконияти бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.

Миқдорий юмшатиш — монетар сиёсат инструменти бўлиб, бунда марказий банк нақдсиз пул эмиссияси ўрнига ҳукумат, банк ва хусусий компаниялардан чиқарилиш даврида ҳам, унинг келгуси муомаласи учун ҳам қарз қимматли қоғозларни сотиб олади. Билвосита таъсирнинг анъанавий инструментлари иш бермаганда мана шундай сиёсат қўл келади. Унинг моҳияти ортиқча банк резервлари (захира базаси)ни ошириш ҳамда шунинг ҳисобига активлар ҳамда фоиз ставкаларини мос равишда пасайтиришдан иборат.

Хабарга кўра, 17 июнь куни Financial Timesда чоп этилган «Ривожланаётган мамлакатлар ҳам миқдорий юмшатишдан фойдаланиши мумкин» номли мақолада бугунги кунда иқтисодиётни рағбатлантиришда миқдорий юмшатишдан нафақат ривожланган, балки ривожланаётган мамлакатлар ҳам фойдалаётганига эътибор қаратилган. Буни Хорватия, Польша, Руминия, Чили ва Индонезия каби ривожланаётган давлатлар тажрибаси кўрсатмоқда, улар йил бошидан ушбу сиёсатни қўллаб, пандемия шароитида белгиланган вазифаларни самарали ҳал қилмоқда.

«Financial Times мақоласида баён этилган ҳолатлар Ўзбекистон учун прагматик аҳамиятга эга, улар ўзбек монетар сиёсати учун ҳам, фонд биржаси учун ҳам фойдали. Маҳаллий шароитда мавзунинг долзарблигига алоҳида эътибор қаратилиб, корпоратив облигацияларни чиқариш жараёнини жадаллаштириш ҳамда, энг муҳими, давлат қимматли қоғозлари бозорини эркинлаштириш ва ривожлантириш лозимлиги кўрсатилган», — дея таъкидлайди Отабек Назиров.

«Давлат ва корпоратив облигациялар бирламчи бозорида битимлар тузилиши мумкинлиги жиҳатидан бундай молиявий инструмент Ўзбекистон учун ниҳоятда долзарб деб ўйлайман. Аёнки, иқтисодиёт, маҳаллий капитал бозорини қўллаб-қувватлаш ҳамда бюджет дефицитини молиялаштириш учун бизда ҳам QE (quantitative easing) (таҳ. — миқдорий юмшатиш) сиёсатини қўллаш мумкин, бунда Марказий банк ҳукумат (Молия вазирлиги) чиқарган облигацияларни сотиб олади», — дейди агентлик раҳбари.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан норматив ҳужжатлар базаси ишлаб чиқилгани боис биринчи вазифа бўйича қонунчилик муаммолари қисман ҳал қилинди, дея таъкидлайди агентлик матбуот хизмати. 19 июнь куни Олий Мажлиси Сенати корпоратив МЧЖ (АЖ сони 600 бўлса, МЧЖлар сони 140,000 дан ортиқ) ларга облигацияларни чиқариш ҳуқуқини бериш орқали бу жараённи бир қадар енгиллаштирувчи ўзгартиришларни маъқуллади ва қимматли қоғозлар бозори қонунчилигига ўзгартиш ва қўшимчалар киритди.

«Облигацияларни чиқаришга бўлган талаблар анчагина юмшади ва ташқи молиялаштиришни жалб этиш учун масъулияти чекланган жамиятларга янги имкониятлар яратилди, эндиликда корпоратив облигацияларни чиқариш анъанавий банк кредитига муқобил бўла олади», — дейилади Агентлик берган ахборотда.

Financial Times ташқи қарзлари кўп бўлган давлатлар учун миқдорий юмшатиш сиёсатини қўллаш хатарли эканлигини таъкидлайди.

«…ички капитал пулини яратиш ва монетар ва фискал органларга бўлган ишончни қозониш учун зарур комплекс ишлар олиб борилаётган қолган мамлакатлар учун у (миқдорий юмшатиш — таҳ.), бошқа вариантлар бўлмаганда, иқтисодиётни рағбатлантиришнинг фойдали воситасига айланиши мумкин».

Шу маънода Агентлик директори Ўзбекистонда бу борадаги вазиятни мўътадил деб баҳолайди, бунга мамлакатда монетар олтин ва валюта захираларини ошириш бўйича режали ишлар амалга оширилаётганини сабаб қилиб кўрсатади. Шу билан бирга, Financial Times да захира ҳамда ХМИларидан хорижий валютада олинадиган қарз ўртасида мувозанатни сақлаш лозимлиги алоҳида таъкидланганлигини эслатиб ўтади:

«Пул зарб қилишдан иборат баҳсли сиёсат халқаро инвесторлардан хорижий валютада қарз олаётган ва уларнинг ишончини сақлаб қолишга уринаётган давлатлар учун хавфли».

Маълумот учун: Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси 1 июнь ҳолатига кўра $31.3 млрд (ЯИМнинг 58.1%и) ташкил этиб, 1 апрель ҳолатига кўра ялпи ташқи қарз $25.1 млрд (ЯИМнинг 46.6% и)дан иборат.

FT фикрига кўра, маҳаллий инвесторларни қўллаб-қувватлаш уларни давлат қарзи ўсиб кетмаслигига ишонтиришдан иборат. Бу ривожланаётган мамлакатлар учун миқдорий юмшатишни қўллашнинг асосий мезонидир. Бу ички бозорнинг инвестицион таклифларига таъсир кўрсатади. «Агар инвесторлар маҳаллий валютани чиқариб юборишса, ташқи ларзалар таъсир қиладиган ммамлакатларда ҳаёт оғирлашади, агарда улар хорижий валютада қарз олган бўлса, бу вазиятни янада мураккаблаштиради», — дейилади мақолада.

Отабек Назиров, ташқи қарзнинг жорий аҳволи ҳамда макроиқтисодий барқарорлик кўрсаткичлари ҳолати эътиборга олинса, бундай мулоҳазалар ўзбек иқтисодиёти учун ҳам ўринли эканлигини таъкидлайди.

«Сўнгги 5 йил ичида валютадаги ташқи қарз 2 баравардан ортиққа ўсди. Ички захира салоҳиятидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ деб биламан, зеро маҳаллий молия бозорини қўллаб-қувватлаш учун етарли даражадаги захира шаклланган. Ташқи қарзлардан воз кечиш керак эмас, аммо уларни миллий валютада ва иложи борича хўжалик субъектлари томонидан тўғридан-тўғри жалб қилиш маъқул», — дейди Назиров.

Шу ўринда Агентлик директори ўйламасдан хорижий валютада қарз олаётган давлатлар қийналиб қолиши мумкинлигини тушунтиради, Financial Times ҳам айни шу жиҳатга эътибор қаратган.

«Молия бозори яхши ривожланмаган мамлакатлар иқтисодиёти учун қарз олиш катта хавф туғдириши мумкин. Валюта даромадлари ташқи омилларга боғлиқ бўлиши (экспорт қилинувчи табиий бойликларга бўлган нархларнинг ўзгарувчанлиги), «узун пул»нинг йўқлиги, долларлашиш даражасининг юқорилиги кабилар хос бўлган бундай бозорлар муаммодан қочиб қутулолмайди», — дея изоҳлайди Отабек Назиров.

Шу билан бирга Financial Times таъкидлашича, заҳираларни тўлдириб, сўнгги ўн йилликда қарзларни назорат қилиб борган ривожланаётган бозорлар эндиликда миқдорий юмшатиш сиёсатини амалга ошириш учун ўзлари яратган имкониятлардан фойдаланиши мумкин.