Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусдан даволанаётган 2176 нафар бемордан 1939 нафари қониқарли ҳолатда, дея хабар берди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори биринчи ўринбосари Ботиржон Қурбонов.

215 нафар бемор ўрта оғир, 18 нафари оғир, 4 нафари эса ўта оғир аҳволда. Беморларнинг 130 нафарида пневмония кузатиляпти.

«Эпидемик вазият нохуш бўлган ҳудудлардан келган ва беморлар билан мулоқотда бўлган 59 476 нафар фуқаро саломатлиги устидан тиббий назорат давом этмоқда. Улардан 36 667 нафари уй шароитида, 22 809 нафари стационар шароитда карантинга олинган», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, мавжуд вирусологик лабораторияларда охирги бир кунда 23 310, мавсум давомида 1,078 782та тест синови ўтказилди.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 23 июнь куни мамлакатда қайд этилган 201 нафар бемордан 30 нафари аҳоли орасида тасдиқланганини ҳам маълум қилди.

Тошкентда 9 ҳолатда аҳоли орасида коронавирус аниқланган бўлиб, бунда жумладан, «Асака банк» тумани филиали ходими А.Ғ.да (тана ҳарорати кўтарилган ва поликлиникага мурожаат қилган), «Ипак йўли банк» филиали ходими М.Э.да (шифохонага ётиш мақсадида намуна топширган) касаллик қайд этилган.

Шунингдек, Учтепа туманидаги автопарк ҳайдовчиси Б.А.да (тана ҳарорати кўтарилган ва томоқда оғриқ бўлгани учун намуна топширган), Олмазор туманидаги нафақадаги фуқаро Г. Н.да, Юнусобод туманида яшовчи Д.Х.да (Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши билан ётқизилган) коронавирус аниқланган.

Сурхондарё вилояти Силга қарши курашиш диспансери ходими Ф.К. ва унинг ўғлида, Сирдарё вилояти Боёвут туманида яшовчи А.Р.да (тана ҳарорати тушмаётганлиги сабабли ўзи бориб намуна топширган), Наманган вилояти Поп тумани ҳарбий қисм ходими Ш. Н.да (профилактик текширув мобайнида аниқланган), ушбу вилоятдаги «Турон Мегастрой» корхонаси ишчиси М.Б.да (Хоразм вилоятида хизмат сафарида бўлган), Учқўрғон туманида яшовчи М.А.да (қурилиш компаниясида ишлаб кетган), Хоразм вилоятида «Хоразм гиламлари» МЧЖнинг 6 нафар ишчисида коронавирус тасдиқланган.

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи И.Н.да (тана ҳарорати кўтарилган ва йўтал безовта қилгани сабабли намуна топширган), Тошкент туманида яшовчи А.А.да (шифохонага ётиш мақсадида намуна топширган), Чиноз туманида яшовчи Ж.Э.да (тана ҳарорати кўтарилган ва томоқда оғриқ бўлганлиги учун намуна топширган) касаллик қайд этилган.

Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.