Қашқадарёда юк кўтарувчи конструкциялар қулаши оқибатида бир ишчи-ходим вафот этди, дея хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 23 июнь куни соат 21:30да Қарши шаҳри, И.Каримов кўчаси «Насаф Травел» меҳмонхонаси биносининг чап томонидан қўшимча қурилаётган 5 қаватли бинонинг юк кўтарувчи темир-бетон конструкциялари қулаб тушган. Бунинг оқибатида, 1 нафар ишчи-ходим воқеа жойида вафот этган.

Мазкур вазият юзасидан, ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий Гвардия ва Прокуратура органларининг ҳудудий бошқармалари шунингдек, Фавқулодда вазиятларда уларни олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимининг куч ва воситалари етиб боришган.

«Айни вақтда, ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда», — дейилади вазирликнинг хабарида.

«Новости Кашкадарьи» газетаси хабар беришича, ушбу воқеа юз берганда қутқарувчилар зудлик билан атрофни ўраб олишди ва эрталабгача вайроналар остида одамларни қидиришди. Улар тўрт нафар фуқарони қутқаришга муваффақ бўлишди. Қутқарилганлар деярли жабрланмаган ва енгил жароҳатлар билан қутулишгани маълум қилинади.

24 июнь куни соат 5:20да қутқарувчилар вайроналар остидан 37 ёшли эркак кишининг жасадини топишди. Маълум қилинишича, марҳум Қаршига тирикчилик қилиш ниятида Сурхондарё вилояти Бойсун туманида яшовчи фуқаро бўлган.

Қутқарув ишлари аллақачон тугаган, аммо бинонинг қулаши хавфи борлиги сабабди ҳудуд ҳанузгача қуршаб олинга, деб ёзади газета.

Ҳозирда воқеа жойида қурилиш инспекторлари ишламоқда.

Маълумот учун, Nasaf Travel меҳмонхонасига тегишли ушбу бинонинг қурилиши ўтган йилнинг феврал ойида бошланган. 2021 йил сентябр ойида у ишга туширилиши режалаштирилган эди. Ҳозирги меҳмонхона биноси вақтинча ёпиқ.