Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари капитал амнистияси тўғрисидаги қонунни қабул қилишни таклиф этишди, дея хабар берди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати. Ушбу таклиф Олий мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан сиёсий партиялар фракциялари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган видеомулоқот семинарида муҳокама қилинди.

Марказий банк томонидан чоп этилган Ўзбекистоннинг тўлов баланси, халқаро инвестицион ҳолати ва ташқи қарзи тўғрисидаги нашрига кўра, бугунги кунда мамлакатда фаолият юритаётган юридик шахслар ва аҳолининг охирги уч йилдаги депозитлар қолдиғи 11,5 млрд АҚШ долларини ташкил этади.

«Мазкур маблағ охирги уч йилда чет элдан юборилган пул ўтказмаларидан иборат бўлиб, унинг асосий қисми аҳоли уйида сақланаётган ёки бугунги кунда асосан банкларга расмий сотилмасдан улуши 50 фоиздан ортиқ деб тахмин қилинаётган «хуфиёна иқтисодиёт»да айлантирилаётган бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.

Экспертлар фикрича, «хуфиёна иқтисодиёт»да айлантирилаётган маблағларни жалб қилиш учун улар легализация қилиниши, белгиланган давр учун «капитал амнистияси» эълон қилиниши яхши натижа беради. Депутатларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда капитал амнистияси парламент томонидан қонун шаклида қабул қилиниши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Қонун шаклида қабул қилинган ҳужжат «фуқароларда кўпроқ ишонч уйғотади ва парламент назорати учун объект бўлади».

Бундан ташқари, семинар иштирокчилар мамлакатда фуқаролар даромадларини мажбурий декларация қилиш тизимини жорий этиш бўйича қўмита таклифини муҳокама қилдилар. Қайд этилишича, ушбу тизим аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаб, одилона солиқ солиш тизимини яратади ва норасмий иқтисодиётни аниқлашга ёрдам беради.

«Хуфиёна сектор ҳажмининг қисқариши кўп жиҳатдан институционал муаммоларни ҳал қилишга ҳам боғлиқ бўлади, яъни уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг етарли даражада ҳимояланганлиги киради», — дея таъкидланади хабарда.