Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшода Мирзажонова АОКА штабида бўлиб ўтган брифинг давомида хотин-қизларга қўшимча грант асосида олий таълим муассасаларга кириш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, тавсияномага талабгорлар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:

  • Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири номига ариза;
  • белгиланган мезонлардан бирини тасдиқловчи ҳужжатлар (иловаси билан);
  • маълумотнома-объективка;
  • умумий ўрта таълим ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасидан маълумотнома;
  • паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхалари.

Таъкидланишича, туман (шаҳар) бўлимлари ҳузуридаги ишчи гуруҳ томонидан талабгор хотин-қизларнинг ҳужжатлари 24 июндан 10 июлга қадар қабул қилиш режалаштирилган.

Юқорида келтирилган мезонлар асосида талабгор хотин-қизларнинг ҳужжатларини қабул қилиш туман (шаҳар) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бўлимларида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан амалга оширилади.

«Туман, шаҳар ишчи гуруҳ таркибига туман, шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи, молия бўлими бошлиғи, ички ишлар бўлими бошлиғи, тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, халқ таълими бўлими бошлиғи, мактабгача таълим бўлими бошлиғи, Ёшлар Иттифоқи туман, шаҳар кенгаши раиси киритилади», — дея маълум қилди Дилшода Мирзажонова.

Талабгор хотин-қизларнинг ҳужжатлари батафсил кўриб чиқилганидан сўнг, ишчи гуруҳнинг хулосаси асосида давлат гранти асосида ўқишга тавсия этилган хотин-қизларнинг рўйхати — Ишчи гуруҳининг йиғилиш баёни тасдиқланади. Кейин тегишли идора ва муассасалар қуйидаги муддатларга асосан:

  • Ўқишга тавсия этилган хотин-қизларнинг тўлиқ ҳужжатлари (рўйхат, тегишли ҳужжатлари нусхалари, Ишчи гуруҳи раҳбарининг йиғилиш баёнининг асл нусхаси) Қорақалпоғистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларига 8 июлига қадар тақдим этилади;
  • Қорақалпоғистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан ушбу ҳужжатлар вазирликка 10 июлига қадар тақдим этилади;
  • 15 июлга қадар тегишли тавсияномалар хотин-қизларга берилади;
  • 20 июлга қадар тавсиянома берилган талабгорларнинг якуний рўйхати Давлат тест марказига тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, хотин-қизлар учун қўшимча грант кимларга берилиши ва тартиби ҳақида хабар бергандик. Унга кўра, хотин-қизларга бериладиган тавсияномалар қуйидаги мезонлардан бири асосида берилади:

  • кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар;
  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари;
  • шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар;
  • ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар;
  • ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар;
  • олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан икки ёки ундан ортиқ маротаба паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи оилалардаги қиз фарзандлар (уларни ўз ҳудудида 3 йил ишлаш шарти билан).