23 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Tashkent International University of Education» халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори имзоланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Янги университет таълим тизимига жаҳоннинг илғор стандартларини киритиш, дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, иқтисодиётимизнинг турли тармоқлари учун малакали кадрлар тайёрлаш, айниқса замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш учун зарур бўлган педагог ва бошқарувчи кадрларни тайёрлаш билан шуғулланади.

Университет томонидан белгиланган қабул параметрлари доирасида Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги буюртмасига кўра The Times Higher Education «World University Rankings» рейтингидаги дунёнинг энг юқори 1000 таликка кирувчи олий таълим муассасалари дастурлари асосида тегишли йўналишлар бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни амалга оширилади. Иқтидорли ёшлар учун имтиёзли грантлар ажратилади.

Битирувчилар республиканинг барча ҳудудларидаги умумий ўрта таълим муассасаларида STEAM (Science — фан, Technology — технология, Engineering — инженерлик, Arts — санъат, Math — математика) фанларини бемалол инглиз тилида таълим берадилар.

«Бу эса мамлакатимиздаги мактабларда янги авлод ўқитувчиларини тайёрлаш учун асос бўлади. Таъкидлаб ўтиш керак, ҳозирча STEAM фанлар фақат Президент мактабларида инглиз тилида хорижий педагоглар томонидан олиб борилмоқда», — дейилади ХТВ хабарида.

Ушбу мақсадлар учун потенциал инвесторга Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, «Ғалабанинг 40 йиллиги» 2-мавзесида жойлашган қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотлар инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан «ноль» харид қийматида берилади.

Потенциал инвестор ўз маблағлари ҳисобидан университет фаолиятини молиялаштириш, объектларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва фойдаланишга топшириш, шунингдек, уларга тегишли ҳудудни ободонлаштириш каби инвестиция мажбуриятларини бажариши лозим.

Қайд этилишича, ижтимоий мажбуриятлар бажариш доирасида шартли равишда 10 йил давомида илғор хорижий олий таълим муассасалари дастурлари асосида йилига бепул 100 тадан педагог тайёрлаб берса ва ушбу дастурлар бўйича йилига тахминан 15 млн сўм харажат қилса, унинг мазкур мажбурияти суммаси тахминан 60 млрд сўмни ташкил қилади (100 битирувчи х 4 йил ўқиш давомийлиги х 15 млн сўм йилига х 10 та гуруҳ). «Яъни, юқорида кўрсатилган объектни бериш ҳисобига давлат бюджетидан камида шу миқдордаги маблағни сарфламасдан замонавий кадрлар тайёрланишига эришилади», — дейилади хабарда.

Ўз навбатида, ушбу дастурда қатнашиш учун энг билимли мактаб битирувчилари хорижий ҳамкор университетлар вакиллари томонидан имтиҳон қилиб олинади ва уни муваффақиятли якунлаган битирувчилар халқаро дипломларга эга бўладилар.

Умумтаълим муассасаларида фаолиятини бошлаган университет бакалавриат босқичи битирувчиларига тўғридан-тўғри иккинчи малака тоифаси, магистратура битирувчиларига биринчи малака тоифаси берилади. Университетнинг магистратура таълим босқичи битирувчилари Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг раҳбар кадрлари захирасига киритилади.

Университетда ўқитиш Ўзбекистон давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда университет ва унинг хорижий ҳамкори томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Кадрлар тайёрлаш кундузги, сиртқи, кечки, махсус сиртқи ва масофавий таълим шакллари бўйича ўзбек, инглиз ҳамда бошқа тилларда амалга оширилади.

Университет битирувчиларига унинг хорижий ҳамкор университетларининг Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжати сифатида тан олинадиган халқаро даражадаги ёки белгиланган намунадаги дипломи берилиши режалаштирилган. Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари университет томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда белгиланади.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига университет фаолиятини йўлга қўйиш учун энг яхши шартларни таклиф этган потенциал инвесторни танлаш ҳамда инвестициявий ва ижтимоий мажбурият шартларини белгилаш ҳуқуқи берилди. Шу мақсадда мазкур вазирлик потенциал инвесторларни ҳамкорликка чақиради ҳамда улардан асосланган таклифлар кутиб қолади.

«Кадрлар салоҳияти ислоҳотларнинг самарадорлиги ва муваффақиятини белгилаб берувчи муҳим омиллардан биридир. Янги университет таълим тизими учун юқори билимли ўқитувчилар ва таълим тизими учун бошқарув кадрларини илғор хориж ўқув дастурлари ёрдамида тайёрлайди. Аминманки, янги университет мамлакатимиз таълим тизимида сифатни ошишига ўз ҳиссасини қўшибгина қолмай, иқтисодиётимиз учун жаҳон юқори стандартлари асосида турли йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлайди ҳамда келажакда йирик таълим ва илмий изланишлар марказига айланади», — деб таъкидлади халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.