Жаҳон банки гуруҳининг таркибига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) «Ипотека-банки»нинг хусусийлаштирилишини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш кўламини кенгайтириш учун 35 млн АҚШ доллари эквивалентида, миллий валютадаги заёмни тақдим этади. Бу ҳақда Молия вазирлигининг матбуот котиби хабар берди.

Унга кўра, ушбу сармоя IFC нинг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш дастурини қўллаб-қувватлаш ва давлат банклари сони кўп бўлган мамлакатнинг банк секторига хусусий инвестицияларни жалб қилишдаги стратегик устувор йўналишлардан бирини акс эттиради.

Кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш ҳажмини ошириш билан бир қаторда, «Ипотека-банки»нинг қайта трансформацияси бошқа давлат банкларини хусусийлаштириш учун намуна бўлиб хизмат қилади ва хусусий инвесторларни Ўзбекистон банк секторига фаол жалб қилишда хизмат қилади, дея таъкидланади хабарда.

«Ўзбекистон ва IFC ўртасидаги ушбу ҳамкорлик яқинда президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясига ҳам мувофиқ IFC томонидан тақдим қилинаётган молиялаштириш, ўтган уч йил давомида „Ипотека-банки“ томонидан олиб борилган, банк операцияларини тижоратлаштириш ва уни мустақил равишда фаолият кўрсатадиган молиявий институтга айлантиришга қаратилган чораларнинг муҳим эътирофидир», — деди бош-вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров.

Хабарда таъкидланишича, ҳозирги вақтда давлат банкларининг Ўзбекистон банк секторида концентрацияси юқори. Мамлакатдаги 30 та банкнинг бештаси тўлиқ давлатга тегишли, қолган саккизта банкда эса давлатнинг 50 фоиз улуши мавжуд.

«IFC нинг молиялаштириши ҳамда сўнгги йиллар мобайнида тақдим этилган маслаҳат хизматлари билан бир қаторда, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистоннинг молиявий секторда хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича ҳаракатларининг бир қисмидир. Инвестициялар «Ипотека-банки»га хусусий секторни капиталга жалб қилиш ва мамлакатдаги кичик ва ўрта бизнесни кредитлашни кенгайтиришга қаратилган режани самарали амалга оширишда ёрдам беради», — дея таъкидлади IFC нинг Европа, Марказий Осиё, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси бўйича вице-президенти Жоржина Бейкер.

Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистондаги инвестиция портфели 53 млн долларни ташкил этади, ҳамда молия ва тўқимачилик соҳасидаги лойиҳаларни ўз ичига олади. Ташкилотнинг маслаҳат дастурлари давлат корхоналарини, шу жумладан иккита давлат банкларини хусусийлаштиришда; пахта соҳасини ислоҳ қилиш; молия бозорини ривожлантириш ва диверсификация қилиш; соғлиқни сақлаш ва энергетика соҳаларида давлат ва хусусий шериклик алоқаларини амалга оширишда ёрдам бериши айтилди.