2020 йил учун Ҳаж мавсуми бекор қилинди, дея хабар берди Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати.

Хабарга кўра, Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги 2020 йилги Ҳаж мавсумини фақат Саудия Арабистони ичида бўлиб турган фуқаролардан иборат зиёратчилар учун чекланган миқдорда ташкил этиши ҳақида қарор қабул қилган.

Қарорга кўра, хорижий мамлакатлардан зиёратчилар қабул қилинмайди.

Дин қўмитаси олдинроқ маълум қилганидек, 2020 йил Ҳаж сафарига боришни режалаштирган ва навбати етиб келган фуқаролар, агар ҳаж мавсумига қадар Саудия Арабистонида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият барқарорлашмаса, жорий йилги навбатлар тўлиқ сақланиб қолади ҳамда кейинги йилга ўтказилади.

Аввалроқ, Умра тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ жараён вақтинча тўхтатилгани ҳақида ҳам хабар берилган эди.