АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, дунё бўйлаб тасдиқланган коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолатлар 9 миллиондан ошди.

Қайд этилишича, умумий COVID-19 билан зарарланганлардан 4,5 млн нафари мазкур инфекциядан тузалган ва 472 минг нафари эса вафот этган.

Энг кўп коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолатлар АҚШда қайд этилган — 2,31 млн нафар беморда. Иккинчи ўринда Бразилия жойлашиб, ҳозирда мамлакатда 1,1 млн дан ортиқ кишида COVID-19 аниқланган. Россияда эса 591 мингдан ортиқ коронавирус ҳолатлари тасдиқланган.

Қўшни Қозоғистонда 18,2 мингдан ортиқ, Қирғизистонда 3519 нафар, Тожикистонда 5513 нафар ва Афғонистонда 29 мингдан ортиқ коронавирус беморлари аниқланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни коронавирус пандемиясини эълон қилганида, дунё бўйлаб ушбу инфекция билан касалланганларнинг умумий сони 118 минга тенг эди. 2 апрель куни эса беморлар сони 1 млн дан ошгани эълон қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган беморлар сони 6500 кишига етгани ҳақида хабар берилганди. Айни пайтда мамлакатда 4450 нафар COVID-19 га чалинган фуқаролар соғайган ва 2031 киши даволанмоқда. Ўн тўққиз киши ҳаётдан кўз юмган.