Бухоро вилоятида қарийб 13,4 минг нафар ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича «Манзилли режа» ва «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган бўлиб, йил бошидан 11,4 мингдан зиёдроқ ишсиз ёшлар доимий иш ўрни ва барқарор даромад манбаига эга бўлди. Бу ҳақда президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Айни вақтда карантин даврида иш ўрнини йўқотган ёки хориждаги муҳожирликдан қайтган 5,3 мингдан зиёд ёшларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, вилоятдаги ишсиз ёшлар, улар билан ишлашга масъул мутасаддилар билан мулоқотлар ташкил этилди. Уч кун ичида вилоятнинг барча туман-шаҳарларида ўрганишлар олиб борилиб, иш берувчилар ва ишсиз ёшлар кооперациясини йўлга қўйишга киришилди.


Хусусан, Бухоро шаҳрида қурилаётган кўп қаватли 157 та уй ҳамда 866 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари 430 дан зиёд бўш иш ўрнига эга экани аниқланиб, иш берувчилар ва номзодлар ўртасида мулоқот ташкил этилди. Унда 82 та қурилиш ташкилоти раҳбарлари ва 180 нафар ишсиз ёшлар қатнашиб, дастлабки куннинг ўзида қарийб 100 нафар йигит шаҳардаги қурилиш объектларига ишга қабул қилинди.

Қайд этилишича, бу йил Бухоро шаҳридаги 866 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти қурилиб, ишга туширилгач, минглаб янги иш ўринлари яратилади. Жумладан, «Бухоро сити» таркибидаги Karvon shopping савдо мажмуасида 3 мингга яқин доимий иш жойи очилади. Уларнинг аксариятида ёшлар иш бошлайди.