19 июнь куни Беларусь президентлигига номзодлар учун сайловчилар имзосини йиғиш тугади. 12 июнь куни Александр Лукашенко 1,5 млн атрофида сайловчилар имзосини йиғганлигини маълум қилган эди.

Маълумотларга кўра, унинг асосий рақобатчиси «Белгазпромбанк»нинг собиқ раҳбари Виктор Бабарико учун 426 минг имзо йиғилган. Юқори технологиялар паркининг собиқ раҳбари Валерий Цепкало 200 минг, Андрей Дмитриев ва Светлана Тихановская 100 мингдан сайловчилар имзоларини йиғишган.

Сайловчиларни рўйхатга олиш 5 июлдан 14 июлгача давом этади. 100 минг нафар сайловчилар имзосини йиғган номзодлар август ойидаги президентлик сайловларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Беларуслик ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълум қилишича, май ойида активистларга қарши бошланган репрессиялар ҳали ҳам давом этмоқда, сайловолди жараёни қўрқитиш руҳида ўтмоқда. Шунга қарамасдан, президентликка номзод сифатида альтернатив номзодларнинг кўрсатилиши учун намойишлар бўлиб ўтмоқда.

6 майдан 13 майга қадар Беларуснинг 17 та шаҳрида тинч намойишларда қатнашган 120 дан ортиқ шахслар қамоққа олинган. Улар орасида оппозицион блогерлар, журналистлар ва ҳукуматнинг бошқа танқидчилари бор. Ўшанда фуқароларга «санкциялаштирилмаган оммавий тадбирларда қатнашганлиги учун» 25 суткагача қамоқ жазоси белгиланган.

Амалдаги президент Лукашенконинг рақобатчилари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан катта муаммоларга дуч келишмоқда.

Аввал сайловда ўзи қатнашмоқчи бўлган, лекин Марказий сайлов комиссияси рухсат бермаганидан кейин рафиқаси, Светлана Тихановская, номзодини илгари сураётган видеоблогер Сергей Тихановский Гроднодаги намойишлардан бирида милиция ходимлари билан тортишгани учун ҳибсга олинган. Тихановский ва унинг тарафдорларига нисбатан «жамоат тартибини қўпол бузадиган ҳаракатларни ташкиллаштириш ва тайёрлаш» бўйича жиноий иш очилган. Бундан ташқари, Светлана Тихановская сайловолди кампаниясида қатнашаётганлиги учун фарзандлари борасида таҳдидлар келиб тушаётганлигини маълум қилган эди.

Сергей Тихановский масаласи бўйича Александр Лукашенко: «хотини учун тиришяпти. Тушунадику, Беларусда хотини учун ҳеч ким овоз бермаслигини. Бизда Конституция аёл учун эмас. Жамиятимиз ҳам аёл учун овоз беришга тайёр эмас», — дея фикр билдирган.

Лукашенконинг асосий рақибларидан ҳисобланган Виктор Бабарико ҳам муаммоларга дуч келмоқда. У 2000 йилдан бери Россиянинг Газпромбанк компанияси тизимидаги ташкилот ҳисобланмиш Белгазпромбанк раҳбари эди. 2020 йил 12 май куни эса президентлик сайловларида қатнашиш учун истеъфога чиққан.

11 июнь куни Белгазпромбанк офисига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ташриф буюриб, тинтув ўтказишган. Компаниянинг 15 та ходими ҳибсга олиниб, уларга нисбатан жиноий фаолият орқали орттирилган катта миқдордаги моддий бойликларни қонунийлаштириш, солиқлардан қочиш юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

18 июнь куни Беларусь Давлат хавфсизлиги қўмитаси (КГБ) ходимлари томонидан Виктор Бабарико уйида тинтув ўтказилган, Бабарико ва унинг ўғли Эдуард қўлга олинган, улар Беларусь КГБсининг Минскдаги СИЗОсида сақланишмоқда. Қўйилган айбловларга қарамасдан, Бабарико штаби уни президентликка номзод сифатида кўрсатиш учун Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларни тақдим этди.


Виктор ва Эдуард Бабарико. Фото: номзоднинг сайлов штаби

Ундан ташқари, Бабарико оиласининг ўртоғи Светлана Купреева ҳам ҳибсга олинган. Лекин, Бабарико штабининг маълумотларига кўра, Купреева на Белгазпромбанкда, на ушбу банк жиноят иши билан боғлиқ бўлган ташкилотларда фаолият олиб бормаган.

Оқибатда, Бабариконинг тарафдорлари Минск кўчаларида ўз норозилигини билдириш учун намойиш ўтказишди. 18−19 июнь кунлари милиция томонидан 120 дан ортиқ киши ҳибсга олинган. Уларнинг орасида 10 нафарга яқин маҳаллий ва халқаро журналистлар бўлган. Юзлаб фуқаролар «бирдамлик занжири» ташкил этишган.

Маҳаллий ҳукумат ушбу намойишлар «Оммавий тадбирлар» тўғрисидаги қонунга зид равишда, яъни Минск шаҳри ижро қўмитасини огоҳлантирмасдан ташкил этилганлиги боис, санкциялаштирилмаган тадбир эканлигини айтмоқда. «Оммавий тадбирларни ўтказиш бўйича қоидалар бузилганлиги учун ушбу тадбир ташкилотчилари ва қатнашчилари жавобгардирлар», — дея таъкидлаган Минск шаҳри ижро қўмитаси раҳбарининг ўринбосари Артем Цуран.

«Сўнгги суткалардаги вазиятни кузатиб, мамлакатдаги вазиятни изидан чиқариш учун баъзи кучларнинг фаоллашганини кўряпман. Биз анча олдин ҳам буни кузатган эдик. Лекин барибир биз бир нечта қадам олдинлаб, Беларусдаги вазиятни дестабилизация қилиш ва мамлакатни янги „Майдон“ ёқасига олиб келиш бўйича улкан режаларни тўхтатдик. Фақат ўз юртиимизда бўлган қўғирчоқларни эмас, балки Беларусь ташқарисида ўтирган қўғирчоқ ўйнатадиганларнинг ҳам ниқоблари ечиб ташланди», — дейди Лукашенко.

Европа парламенти ушбу ҳибсга олиш ишларини қоралаб, Бабарико ва унинг ўғлининг қўйиб юборилишини сўраб, Беларусь ҳукуматига мурожаат қилди.

Европарламент депутатлари ўз мурожаатида Александр Лукашенкодан қуйидаги принципларга риоя қилишни сўрашди:

  • сиёсатчиларни, фуқаровий ва оппозиция фаоллари, президентликка номзод бўлиши мумкин бўлганлар, жумладан Сергей Тихановский ва Виктор Бабариколарни таъқиб қилишни тўхтатиш; қамоққа олинганларни, хусусан Павел Северинц ва бошқаларни, қўйиб юбориш;
  • етарлича имзоларни тўплаган номзодларни рўйхатга олиш учун ҳеч қандай маъмурий тўсиқларсиз рухсат бериш;
  • барча номзодлар учун тенг агитация шароитларини яратиш, шу жумладан ОАВда ҳам;
  • эркин, адолатли ва шаффоф сайлов жараёнини ташкил этилишини кафолатлаш;
  • натижалардан қатъий назар уларни қабул қилиш мажбуриятини оммавий тан олиш;
  • агар у президент сайловларида ғалаба қозонса, парламент сайловларининг эркин ва демократик руҳда ўтишини таъминлашга ваъда бериш.

«Александр Лукашенко Европа Иттифоқи (ЕИ) бундай ҳаракатларга чидамаслигини ва уларнинг оқибатлари бўлишини, хусусан алоҳида шахслар ва ташкилотлар, гуруҳларга нисбатан санкциялар қўлланилиши, ва ЕИнинг Беларусга кўрсатадиган молиявий ёрдамига таъсир қилишини тушуниши керак», — дейилади баёнотда.

Европарламент аъзолари агар Беларусь фуқароларининг овозлари «яна инкор қилинса, демократик ҳамжамият шахсан Лукашенкога, унинг сиёсий доиралари ва репрессив структурасига қаттиқроқ муносабат билдириши учун» иложи борича ҳаракат қилишларини айтишган.

«Ушбу сайлов натижалари ва уларнинг қандай ўтиши Европа иттифоқи ва Беларусь ўртасидаги алоқалар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга», — дейилади мурожаатда.