Бишкек шаҳрининг Первомай район суди Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни 11 йил ва 2 ойлик қамоқ жазосига ҳукм чиқарди, хабар берди 24.kg нашри.

Суд ҳукмига кўра, собиқ давлат раҳбари жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг қонунга хилоф равишда озодликка чиқарилгани учун коррупцияда айбдор деб топилди. Шунингдек, суд Атамбаевни давлат мукофотларидан маҳрум этиш ва мулкини мусодара қилиш тўғрисида қарор қабул берди.

Хабарда қайд этилишича, прокурорлар ундан мол-мулкини мусодара қилиш билан 15 йилга озодликдан маҳрум этишни сўрашди. Атамбаев судда сўнгги сўз билан гапиришдан бош тортди.

16 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азиз Батукаев 2013 йили кўрсатилган оғир касаллик сабабли ҳукмининг охирига етмай озод қилинганди. Тергов натижасида Батукаев Атамбаевнинг бевосита кўрсатмаси билан озодликка қўйиб юборилганлиги аниқланди. Кузда жиноят иши судга юборилди. 19 киши, жумладан бир қатор юқори лавозимли шахслар мазкур жиноят иши бўйича айбланмоқда.

Маълумот учун, Алмазбек Атамбаев 2011 йилдан 2017 йилгача Қирғизистон президенти бўлган. Атамбаев 2019 йил июнь ойи охирида дахлсизликдан маҳрум қилинди ва унга қарши коррупция айбловлари қўйилди. Ўтган йилнинг август ойида Атамбаев махсус операция пайтида ўз қароргоҳида ушланган.